Қозоғистонда суюлтирилган нефт газининг улгуржи нархи йил охиригача ўзгармайди
Суюлтирилган нефт газининг максимал улгуржи нархи 2026-йил 1-июлдан 31-декабргача бўлган даврда қўшимча қиймат солиғисиз бир тонна учун 126 доллар этиб белгиланди.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги мамлакат ички бозори учун суюлтирилган нефт газининг максимал улгуржи нархини 2026-йил охиригача ўзгармас ҳолда сақлаб қолишга қарор қилди. Бу ҳақда «prg.kz» маълумотларида келтирилган.
Вазирликнинг тегишли буйруғига мувофиқ, ички бозорга товар биржаларидан ташқари етказиб бериш режаси доирасида суюлтирилган нефт газининг максимал улгуржи нархи 2026-йил 1-июлдан 31-декабргача бўлган даврда қўшимча қиймат солиғисиз бир тонна учун 59 минг 722 тенге (126 доллар) миқдорида белгиланди. Шу тариқа, суюлтирилган нефть газининг улгуржи нархи йилнинг иккинчи ярмида ҳам ўзгаришсиз сақланиб қолади.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ушбу нарх 2026-йил 1-январдан 30-июнгача бўлган даврда ҳам амал қилган. Янги қарор ушбу нархни яна олти ой муддатга узайтиради.
Мазкур тартиб Қозоғистон Энергетика вазирлигининг 2026-йил 1-июлдаги 253-сонли буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, қарор 2026-йил 31-декабргача амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда аҳолини газ билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан ошгани ҳақида хабар берган эдик.




