Қозоғистоннинг олтин ва нефт захираси қачонгача етиши муълум қилинди

13.02.2026 | 19:432 daqiqa

Геология қўмитаси мамлакатнинг табиий бойликлари — нефт ва олтин захиралари яна неча йилга етиши ҳақида ҳисобот берди.

Қозоғистоннинг олтин ва нефт захираси қачонгача етиши муълум қилинди

Қозоғистон нефт захиралари 2070-йилларгача етади. Геология қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Қанат Ерубаев 13 феврал куни давлат ҳисобида тасдиқланган ва аллақачон ўзлаштирилаётган манбалардан 4 млрд тоннадан ортиқ нефт мавжудлигини айтди. Умумий нефт захиралари эса, ҳали ўзлаштирилмаган конларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, тахминан 30 млрд баррелни ташкил этади. Ҳозирги қазиб олиш даражасида бу захиралар тахминан 50 йилга етади.

Халқаро баҳолашлар ҳам, агар ҳажмлар баррелда ҳисобланса, шунга ўхшаш манзарани кўрсатмоқда. 2026 йил феврал ойида мамлакатда кунига ўртача 1,6 млн баррел нефт ва конденсат қазиб олинмоқда. Агар шундай суръатлар сақланиб қолса, Қозоғистон йилига тахминан 584 млн баррел нефт чиқаради. Оддий арифметика шуни кўрсатадики: барқарор қазиб олиш шароитида захиралар тахминан ярим асрга етади.

Шу билан бирга, қазиб олиш ҳажми ўзгариб туриши мумкин. Январда Тенгиз конидаги ишлар туфайли кўрсаткичлар пасайган эди, бироқ февралда ишлаб чиқариш қайта тикланди. Қозоғистон мамлакат ичида кунига атиги 300–350 минг баррел истеъмол қилади — нефтнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.

Олтин захиралари

Ерубаев, шунингдек, республикадаги олтин захиралари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, 2026 йил феврал ҳолатига кўра, давлат балансида 2,3 минг тоннага яқин олтин мавжуд. Ҳозирги қазиб олиш ҳажмларида бу захиралар тахминан 37 йилга етади. Бу ерда гап айнан ер қаъридаги захиралар ҳақида кетмоқда.

Миллий банк халқаро резервлар таркибида сақлайдиган олтинни алоҳида ҳисобга олиш лозим. Унинг ҳажми 300 тоннадан ошади, қиймати эса 2026 йил январ ойида жаҳон бозоридаги юқори нархлар фонида рекорд даражадаги 55,3 млрд долларга етди.

Расмийлар геологлар қидирув ишларини давом эттираётганини ва маълумотларни мунтазам равишда аниқлаштириб боришини таъкидламоқда. Каспийдаги янги лойиҳалар ва амалдаги конларнинг кенгайтирилиши ресурслардан фойдаланиш муддатини узайтириши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid