Рақобат қўмитаси экиш мавсуми бошланиши арафасида ёқилғи нархларини назоратга олди

28.02.2026 | 14:001 daqiqa

Рақобат қўмитаси фермер хўжаликларига нефт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш билан боғлиқ муаммо юзага келганида қўмитанинг ҳудудий органларига мурожаат қилишини айтди.

Рақобат қўмитаси экиш мавсуми бошланиши арафасида ёқилғи нархларини назоратга олди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси экиш мавсуми бошланиши арафасида нефт маҳсулотлари (дизел ёқилғиси ва бензин) бозоридаги ҳолатни доимий равишда мониторинг қилиб борилаётганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва фермер хўжаликларининг эҳтиёжларини қондириш имконини берувчи етарли ҳажмдаги бензин ва дизел ёқилғиси биржа савдолари орқали реализация қилинмоқда.

Рақобат қўмитаси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда манфаатдор идораларга экин экишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва фермер хўжаликларининг эҳтиёжларини ўз вақтида таъминлаш юзасидан тезкор чоралар кўришини тавсия этди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва фермер хўжаликларига нефт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш билан боғлиқ масалалар (муаммо) юзага келганида Қўмитанинг ҳудудий органларига мурожаат қилишлари сўралди.

Шу билан бирга, Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари биржа савдолари давомида шаклланадиган нефт маҳсулотлари нархларини доимий равишда мониторинг қилишини маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid