Logo

«Реал Санжик» иши бўйича апелляция суди 20 июл куни давом этади

Тошкент шаҳар суди «Реал Санжик» номи билан танилган Санжар Каримов иши юзасидан маълумот берди.

«Реал Санжик» иши бўйича апелляция суди 20 июл куни давом этади © Фото: Kun.uz

Фирибгарликда айбланган тадбиркор ва блогер Санжар Каримов («Реал Санжик») жиноят иши бўйича апелляция судининг навбатдаги мажлиси 20 июл куни бўлиб ўтади. Судланувчининг адвокати томонидан ўтказиб юборилган шикоят бериш муддати тикланиб, у суд процессида иштирок этишга қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати маълум қилди.

Адвокатнинг даъвоси ва аниқланган фактлар

Олдинроқ судланувчининг адвокати Ойбек Ашуров апелляция шикояти суд томонидан қабул қилинмагани ва жараён асоссиз қолдирилаётгани ҳақида айтган эди. Тошкент шаҳар судига кўра, адвокатнинг ушбу мурожаатидан сўнг суд мажлиси бошқа кунга қолдирилиб, ҳолат ўрганилган.

Аниқланишича, адвокат биринчи инстанция суди ҳукмига нисбатан ўзи таъкидлаганидек 18 май куни эмас, балки 30 июн куни туман судига электрон тартибда апелляция шикояти тақдим этган.

Бу вақтга келиб шикоят бериш муддати ўтган бўлса-да, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмагани ҳамда иш судланувчининг бошқа адвокатлари томонидан ўз вақтида берилган апелляция шикоятлари асосида апелляция инстансиясида кўриб чиқилаётгани инобатга олиниб, муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилган.

Натижада адвокат бошқа ҳимоячилар қатори бугунги суд мажлисида иштирок этган. Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати адвокатларнинг одил судловни амалга оширишдаги ўрни алоҳида эканини таъкидлаб, шу билан бирга, уларни ОАВ орқали шахсий ҳуқуқий позициясини аниқ исботланган факт сифатида тақдим этиб, жамоатчиликни чалғитишдан тийилишга чақирди.

Аввалги суд ҳукми ва айбловлар

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 8 май куни судя Баҳром Бердиев раислигида Санжар Каримовга нисбатан биринчи инстанция суди ҳукми ўқилган эди. Ўшанда фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган «Реал Санжик» 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Шунингдек, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 410 баравари (168 миллион 920 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Судланувчи суд жараёнидаги сўнгги сўзида ўзини «чиройли қилиб подстава қилишгани»ни таъкидлаган эди.

Teglar

Mavzuga oid