
Россия нефти қулади: Urals нархи 2020 йилдан бери энг паст нуқтада
Россиянинг асосий экспорт бренди Urals нефтининн баррели ноябрда 44,87 долларга тушиб, 2020 йилдан бери энг паст даражани қайд этди. Сабаб — санкциялар ва юқори нарх чегараси.

Россия нефти бозорида кескин пасайиш кузатилмоқда. РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, ноябр ойида Urals нефтининг ўртача нархи бир баррели учун 44,87 долларни ташкил этди — бу 2020 йил ноябридан буёнги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Сўнгги бир ойда нархлар 18 фоизга, яъни қарийб 9 долларга пасайди. Бунга Доналд Трамп маъмурияти томонидан «Rosneft» ва «Lukoil»га нисбатан жорий этилган янги санкциялар ва экспортдаги чегирмаларнинг кескин ошиши сабаб бўлди.
Йил бошига нисбатан вазият янада жиддий: январда Urals нефтининг нархи бир баррелига 67,66 доллар бўлган, бугунги нарх эса ундан 33 фоизга паст. Бу нафақат ташқи бозордаги заифликни, балки Россия бюджетининг асосий даромад манбаи бўлган нефт экспорт даромадларида чуқур таназзул юз берганини ҳам кўрсатади.
Reuters ҳисоб-китобларига кўра, ноябрда нефт нархи рублда 3256 рублни ташкил этди — 2023 йил мартдан бери энг паст даража. Бу ҳукумат 2025 йилги ва 2026 йилги бюджетда белгилаган прогнозига нисбатан 35–40 фоиз паст кўрсаткичдир. Инфляцияни инобатга олганда, реал рубл нархи ҳатто пандемия даври даражасигача тушган.
Бюджетга таъсир сезиларли бўлмоқда: январ–ноябр ойлари давомида нефт-газ солиқлари 21 фоизга, яъни 2,3 трлн рублга камайди. Ноябр ойининг ўзида солиқ тушумлари ўтган йилга нисбатан 34 фоизга камайди. ММI таҳлилчиларига кўра, қулаётган нархлар келаси йил бошида ҳали ҳам катта зарба бериши мумкин.
Экспертлар рубл курси бўйича ҳам негатив сценарийни кутмоқда. «ВТБ Инвестициялар» стратеги Алексей Михеев, экспорт тушумларининг қисқариши натижасида рубл 85–90 диапазонигача қадрсизланиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Россия Молия вазирлиги бу йил 10,94 трлн рубл нефт-газ даромади режасини 21 фоизга пасайтирган эди. Бироқ, мутахассислар фикрича, бюджет тақчиллиги режадан анча юқори — ЯИМнинг 3,5 фоизига етиши мумкин.





