Россияда ҳисобрақамлардан пул ўғирлаш операциялари рекорд даражага етди

16.02.2026 | 10:552 daqiqa

2025 йилда россияликлар ҳисобрақамларидан ўғирликлар сони илк бор 1,5 млндан ошди. Фирибгарлар эса банк карталаридан кўра масофали банк хизматлари ва тезкор тўловлар тизимини афзал кўришмоқда.

Россияда ҳисобрақамлардан пул ўғирлаш операциялари рекорд даражага етди

2025 йил якунларига кўра, Россияда фирибгарлар томонидан содир этилган пул ўғирликлари сони илк бор 1,5 млн операциядан ошди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри Россия марказий банки маълумотларига таяниб хабар бермоқда. Регулятор ва бозор иштирокчилари қайд этишича, жиноятчилар банк карталаридан кўра масофавий банк хизматлари ва тезкор тўлов тизимларига кўпроқ эътибор қаратмоқда.

2025 йилда ўғирланган маблағлар умумий ҳажми 29,3 млрд рублни ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан 1,8 млрд рублга кўп. Камайиш фақат банк карталари сегментида кузатилиб, у ерда йўқотишлар 1,5 млрд рублга қисқарган. Бироқ масофали банк хизматлари орқали ўғирликлар 1 млрд рублга, тезкор тўловлар тизими орқали 1,7 млрд рублга ошган. Электрон ҳамёнлар сегментида ўсиш 70 фоизни ташкил этиб, 170 млн рублга етган.

Мутахассислар бу ўзгаришни фирибгарлик усулларининг трансформацияси билан изоҳламоқда. Илгари ноқонуний карталардан ечиб олиш схемалари устун бўлган бўлса, ҳозир ижтимоий муҳандислик ва масофавий киришни бузиш ҳолатлари кўпайган.

Антифрод тизимлар

«Рексофт» компанияси вакили Елена Голяева таъкидлашича, карталар бўйича антифрод тизимлари сўнгги йилларда анча кучайган ва ноодатий операцияларни самарали аниқлайди. Бироқ мобил иловалар ёки тезкор тўловлар тизими орқали ўтказмалар мижоз томонидан тасдиқлангани учун техник жиҳатдан қонуний кўринишга эга бўлади.

Натижада йирик суммалар масофали банк хизматлари ва тезкор тўловлар тизими орқали чиқарилмоқда. Бу каналлар операцияларни майдалаш ва маблағларни тарқатиш учун қулай. Шу билан бирга, банкларнинг автоматик блоклаш имкониятлари чекланган.

«RTM Group» вакили Фёдор Музалевскийга кўра, тезкор тўловлар тизими орқали тўловлар улуши ортгани сари фирибгарлик схемалари ҳам шу йўналишга кўчмоқда. У 2026 йилда тезкор тўловлар тизими орқали ўғирликлар устунлик қилиши ва карта операциялари билан фарқ янада ошишини прогноз қилди.

Тенденция ва хатарлар

Экспертларнинг фикрича, масофавий хизматлар ривожи ва тўловлар рақамлашуви фирибгарлар учун янги имкониятлар яратмоқда. Мижоз томонидан тасдиқланган операциялар бўйича банк масъулияти чеклангани эса хатарни оширади.

Шу боис бозор иштирокчилари 2026 йилда ахборот хавфсизлигига сарфланадиган инвестициялар ошиши ва мижозларни хабардор қилиш чоралари кучайтирилишини кутмоқда.

Teglar

Mavzuga oid