Россияда Telegram ва WhatsAppʼни блоклаш бошланди

22.10.2025 | 17:302 daqiqa

Роскомнадзор Telegram ва WhatsApp мессенжерларига нисбатан «жиноятчиларга қарши курашиш мақсадида» қисман чеклов жорий этганини маълум қилди.

Россияда Telegram ва WhatsAppʼни блоклаш бошланди

Россия ахборот назорати идораси — Роскомнадзор Telegram ва WhatsApp мессенжерларига нисбатан «қисман чеклов» жорий этишни бошлади. Бу ҳақда ташкилот ТАСС агентлиги орқали маълум қилди.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари материаллари асосида жиноятчиларга қарши курашиш учун чет эл мессенжерларининг фаолияти қисман чекланмоқда», — дейилган расмий баёнотда.

Идора Telegram ва WhatsApp платформаларида «фирибгарлик ва пул ўғрилиги билан шуғулланувчи шахслар» фаоллашганини, айрим ҳолларда фойдаланувчиларни «диверсион ёки террористик ҳаракатларга жалб этиш ҳолатлари» қайд этилганини маълум қилди. Роскомнадзорнинг таъкидлашича, ҳар икки компанияга расмий мурожаатлар юборилган, аммо ҳеч қандай чора кўрилмаган.

20 ва 21 октябр кунлари Россия бўйлаб Telegram ва WhatsApp фойдаланувчилари оммавий узилишларга дуч келди. Душанба куни Павел Дуров платформаси фойдаланувчилари бутун мамлакат бўйлаб муаммолар ҳақида хабар берган, якшанба куни эса Ростов, Краснодар, Ставропол ва Астрахан областларида шикоятлар кўпайган.

«WhatsApp, эҳтимол, қисман блокланган, — деб ёзди «Интернетни ҳимоя қилиш жамияти» раҳбари Михаил Климарёв. — Ҳозирча бутун Россияда эмас, лекин чекловлар жанубдан Урал ва Сибир томон силжияпти». Унинг сўзларига кўра, бу жараён босқичма-босқич кечмоқда ва Telegram тўлиқ блокланиши декабр ёки январ ойларига тўғри келиши мумкин.

РБК манбасининг маълум қилишича, сўнгги узилишлар «техник ҳимоя тизимларини созлаш» ишлари билан боғлиқ бўлган. Ахборот хавфсизлиги бўйича мустақил эксперт Алексей Учакиннинг таъкидлашича, ҳозирда ҳукумат трафикни тўлиқ филтрлаш имкониятини синаб кўрмоқда.

Teglar

Mavzuga oid