Россияга қатнайдиган ҳайдовчиларга эслатма, янги аэропортга метро ва Тошкент кўчаларидаги шоқол — 20 октябр дайжести

20.10.2025 | 22:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Россияга қатнайдиган ҳайдовчиларга эслатма, янги аэропортга метро ва Тошкент кўчаларидаги шоқол — 20 октябр дайжести

Тошкент марказида шоқол юргани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг марказий ҳудудларидан бири Дархонда чиябўри пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. «Animal life in Uzbekistan» Telegram-канали фойдаланувчилар шаҳар кўчаларида бир неча кундан бери мазкур ёввойи ҳайвонга тез-тез дуч келаётганини ёзган.

Қайд этилишича, шоқол одамларга нисбатан тажовузкор эмас, ўзини хотиржам тутмоқда ва чамаси овқат излаяпти, баъзан мушукларни овлаётгани кузатилмоқда. «Animal life in Uzbekistan» канали шоқолнинг пайдо бўлиши дайди итларнинг оммавий йўқ қилиниши билан боғлиқ эканини тахмин қилган.

Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Россияда бир йилда 90 кундан ортиқ қололмаслиги эслатилди

Ўзбекистон Миграция агентлиги Россияда юк ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчиларга миграция қоидаларига риоя этишни эслатди. Агентлик маълумотига кўра, фуқаролар Россия ҳудудида бир календар йилда 90 кундан ортиқ қолмаслиги лозим. Бу қоидани бузганлар депортация қилиниши ва 3 йилдан 10 йилгача кириш тақиқига дуч келиши мумкин.

Ҳайдовчилар чегарадан ўтишда миграция картасини тўғри тўлдириши, сафар мақсадини “хизмат” ёки “транзит” сифатида кўрсатиши шарт. Шунингдек, Россияга киргандан кейин 15 иш куни ичида рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Миграция агентлиги муаммога дуч келган фуқароларга Москвадаги ваколатхона билан боғланишни тавсия этди.  

Ўзбекистон Саудия билан 4 млрд долларлик келишувларни имзолади

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони 4 миллиард долларлик 10 та янги келишувни имзолади. Лойиҳалар энергетика, ахборот технологиялари, туризм ва инфратузилма соҳаларини қамраб олади. Шу билан икки мамлакат ўртасидаги умумий инвестиция портфели 30 миллиард долларга етди. Саудия компаниялари билан барқарор авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш, шамол ва қуёш энергетикаси лойиҳалари, электр ва иссиқлик энергияси шартномалари имзоланди.

Самарқандда InterHealth тиббий лойиҳаси бўйича келишув тузилиб, онкология марказларига хусусий бошқарув тизими жорий этилади. Шунингдек, Riyadh Cables компанияси билан юқори кучланишли кабеллар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. Жорий йилда Саудия капитали иштирокидаги 56 та лойиҳа амалга оширилмоқда, уларнинг умумий қиймати 27 миллиард доллардан ортиқ.

Марказий Осиёдаги энг катта аэропортга метро линияси тортилади

Янги Тошкент халқаро аэропортига метрополитен линиясини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 15 октабр куни лойиҳа билан танишиш давомида маълум қилди, дея хабар берилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида.

Қайд этилишича, аэропорт Тошкент ва Янги Тошкент туташган жойда жойлашган бўлиб, унга энг кўпи билан 25 дақиқада етиб бориш мумкин, масофа 24 километрни ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, янги аэропорт қурилиши ва ҳаво паркини 105 тадан 180 тагача ошириш Ўзбекистон иқтисодиётига йилига 770 млн доллар даромад келтиради.

«Танлаган жойимиз хавфсизлик, учиш ва қўниш нуқтаи назаридан энг мўътадил жой. Бу Тошкент ва Тошкент вилояти ўртасидаги чорраҳа — кўпи билан 25 дақиқада етиб бориш мумкин, оралиқ — 24 км. Лекин, шаттл қўямиз, худо хоҳласа, метро қўямиз. Ҳаммасини ҳамоҳанг, биз кутганимиз каби амалга оширамиз», — деган президент.

Ўзбекистон Хитойга $630 млнлик газ етказиб берди

Ўзбекистон жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида Хитойга тахминан 630 миллион долларлик табиий газ сотди. Хитой божхона бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакат қувур орқали газ етказиб берувчи давлатлар ичида бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Энг йирик етказиб берувчи Россия бўлиб, у 9 ойда 7,29 миллиард долларлик газ экспорт қилган.

Ундан кейин Туркманистон (6,46 млрд), Мянма (1,18 млрд) ва Қозоғистон (854,7 млн доллар) жойлашган.

Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, газ қазиб олиш ҳажми пасайиб бораётганига қарамай, Ўзбекистон газ экспортини оширишда давом этмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни ички эҳтиёжлар ва қўшилган қиймат афзалликларини инобатга олмаган сиёсат деб баҳоламоқда. Уларга кўра, мамлакат иқтисодиёти ўсиб бораётган шароитда газ экспортини чеклаш ва қайта ишлашни кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Teglar

Mavzuga oid