Россиянинг махфий криптобиржасидан 1 млрд рубл ўғирланди: бунинг ортида ким турибди?
Санкцияларни айланиб ўтиш учун яратилган йирик криптобиржа кутилмаганда фаолиятини тўхтатди. Миллиардлаб маблағларнинг ғойиб бўлиши ортида махсус хизматлар тургани айтилмоқда.

Россия томонидан яратилган ва санкцияларни айланиб ўтишда фойдаланиладиган «Grinex» криптобиржаси йирик киберҳужумга учраганини маълум қилди. Ҳужум оқибатида россиялик фойдаланувчиларга тегишли бўлган 1 млрд рублдан ортиқ маблағ ўғирлаб кетилган.
Биржа вакилларининг таъкидлашича, рақамли излар ва ҳужумнинг мураккаблиги бунга бевосита хорижий давлатларнинг махсус хизматлари алоқадор эканини кўрсатмоқда. «Grinex» буни Россиянинг молиявий суверенитетига зарба бериш мақсадида қилинган ҳаракат деб баҳолаб, полицияга ариза берган ва ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган.
Санкцияларни четлаб ўтиш схемаси
Мазкур платформа 2025 йилда АҚШ томонидан Москванинг «Garantex» биржаси блокланганидан сўнг зудлик билан ишга туширилган эди. Бу ерда оддий рубл ва «USDT»дан ташқари, «A7A5» номли махсус криптовалюта ҳам савдога қўйилган. Бу тўғридан тўғри рублга боғланган илк стейблкоин ҳисобланади.
«Промсвязбанк» ва банкир Илан Шор томонидан яратилган ушбу токен қисқа вақт ичида Россияга қарши санкциялар шароитида трансчегаравий ҳисоб-китоблар учун асосий воситага айланди. 2026 йил бошига келиб унинг айланмаси 100 миллиард долларга етган эди. Айнан шу сабабли 2025 йилнинг августида Лондон ва Вашингтон биржага қарши расман санкциялар киритган.
Ғарб давлатлари ушбу криптобиржа Россия ҳукумати билан молиявий секторда ҳамкорлик қилиш орқали катта фойда кўраётганини таъкидлаб келади. Бундан ташқари, у кибержиноятчиларга ёрдам берганликда айбланган эски платформанинг давомчиси сифатида ҳам қора рўйхатга олинган.
Ўғирланган маблағлар қаерда?
Биржанинг маълумотларига кўра, ҳакерлар ўғирланган маблағларни зудлик билан алмаштириш сервислари орқали «TRX» крипто-активига ўгирган. Ҳозир тахминан 15 млн долларга тенг (45,9 млн TRX) маблағ битта умумий манзилда сақланмоқда.
Айни пайтда платформа сайтига кирувчилар фақатгина «сифат ва барқарорликни яхшилаш учун техник ишлар олиб борилмоқда» деган ёзувни кўришлари мумкин.
Биржанинг исми сир тутилган вакили бу ҳолатни шундай изоҳлади: «Бугунги кунда миллий молиявий секторни издан чиқаришга қаратилган уринишлар янги босқичга чиқди — энди мураккаб киберҳужумлар орқали Россия фуқаролари ва компанияларининг активларини тўғридан тўғри талон-торож қилиш бошланди».


