Самарқандда ҳокимлар Хитой сафарига қариндошларини юборгани тасдиқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилоятидаги икки туман ҳокими фермерлар юборилиши керак бўлган Хитой сафарига қариндошларини юборганини тасдиқлади.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари томонидан Хитойга хизмат сафарига юборилган делегациялар таркибида манфаатдорлик ва таниш-билишчилик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Агентлик хулосасига кўра, хизмат сафарига фермерлар юборилиши керак бўлган ҳолатда, айрим мансабдорларнинг ўғиллари, турмуш ўртоқлари ва яқин қариндошлари делегацияга киритилган.
Қўшработ тумани
Қўшработ туман ҳокимлиги томонидан Хитойда Марказий Осиё давлатлари профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга ҳокимнинг ҳайдовчиси М.Т. ҳамда ўғли Д.Д. хизмат сафарига юборилган. Ушбу семинар фермерлар ва соҳа мутахассислари учун мўлжалланган бўлган.
Шунингдек, Хитойда «Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш» мавзусидаги ўқув курсларига 32 нафардан иборат делегация тақдим этилган. Рўйхат таҳлилида ҳокимнинг турмуш ўртоғи М.Ш. ва бошқа мансабдор шахснинг яқин қариндоши Ч.Ҳ. асоссиз киритилгани маълум бўлди. Шунингдек, рўйхатдаги Н.Х. ва М.С. исмли шаҳслар эса 1-сон техникум ходими сифатида расмийлаштирилган, аммо амалда у ерда ишламаслиги аниқланган.
Каттақўрғон тумани
Каттақўрғон туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. 2025 йил 22–30 май кунлари амалга оширилган сафарда фермерлар ўрнига ҳокимнинг ўғли ва ҳокимлик ходими қатнашган. Уларнинг сафар мақсадига бевосита алоқаси бўлмагани таъкидланмоқда.
2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон фармонига кўра, мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги маълумотлар очиқ эълон қилиниши шарт. Бироқ Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари ушбу маълумотларни ошкор этмаган.
Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Агентлик коррупциявий ҳолатларга қарши курашни давом эттиришини маълум қилди.





