Самарқандда ер майдонини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Самарқандда иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган ерни сотиб бериш эвазига 50 минг доллар пора олган шахс тезкор тадбирда ушланди.
© DXX matbuot xizmatiСамарқанд шаҳрида яшовчи 1993 йилда туғилган шахс Самарқанд туманида истиқомат қилувчи 1983 йилда туғилган фуқаро билан олдиндан тил бириктириб, иссиқхона ташкил қилиш мақсадида ажратилган 2 гектар ер майдонини харидорга сотиб бериш бўйича келишув таклиф қилган.
Маълум бўлишича, мазкур ер майдони фуқаронинг турмуш ўртоғи номига ажратилган бўлиб, уни 490 минг АҚШ долларига сотиш ва мансабдор танишлари орқали ҳужжатларини расмийлаштириб бериш ваъда қилинган.
«Хизмат ҳақи»
Бу хизмат эвазига гумонланувчилар олдиндан 50 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор кузатувлар натижасида пулни қабул қилиш жараёни назоратга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида 1993 йилда туғилган шахс 50 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан икки фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Мутахассислар ер участкаларини ажратиш ва сотиш жараёнлари фақат E-AUKSION электрон савдо платформаси орқали қонуний амалга оширилишини эслатмоқда.
Аввалроқ Фарғона вилояти Қўштепа туманида фермер 3,7 гектар ерни 7 гектар деб сотишга уриниб, катта миқдорда пул талаб қилган вақтда қўлга олинган эди.





