Logo

Саудияга зарбалар яна кучайди: Ямандаги уруш нега тугамаяпти?

Kecha 22:007 daqiqa

2022 йилдан буён зўрға ушлаб турилган мўрт сулҳ бутунлай чил-парчин бўлди: Яман ҳусийлари Саудия Арабистонининг стратегик объектлари ва аэропортларига кетма-кет ҳалокатли зарбалар берди. Айниқса, Ар-Риёд аэропортига тушган ракеталар сўнгги 10 йил ичидаги энг оғир қурбонликларга сабаб бўлиб, 13 кишининг ҳаётига зомин бўлди, юзлаб одамлар жароҳатланди.

Саудияга зарбалар яна кучайди: Ямандаги уруш нега тугамаяпти?

Яман ҳусийлари 2026 йилнинг 6 октябридан 12 октябрига қадар Саудия Арабистони ҳудудига ракета ва дронлар билан камида 10 та зарба берди. Ҳужумлар мамлакатнинг бир нечта аэропортлари ҳамда нефт-газ инфратузилмаси объектларини нишонга олди. Мазкур зарбалар тўлқини қироллик учун сўнгги ўн йилликдаги энг ҳалокатлиси бўлди. Айниқса, Ар-Риёд аэропортига берилган зарба энг катта йўқотишларга олиб келди: 13 киши (жумладан, турли давлат фуқаролари) ҳалок бўлди ва 300 дан ортиқ инсон жароҳатланди.

Ҳусийлар авваллари ҳам – қиролликнинг 2015 йилдан 2022 йилгача давом этган Яман ички фуқаролар урушига аралашуви даврида Саудия шаҳарларини ўққа тутган эди. Кейинроқ сулҳ тузилиб, 2022 йилдан бошлаб ҳусийлар ва Саудия Арабистони вазият кескинлашишидан қочиб келаётганди. Бироқ 2026 йилга келиб бу мўрт сулҳ узил-кесил барбод бўлди ва уруш қайтадан аланга олди.

Кўрфаз араб монархияларининг Яман ҳусийларига қарши курашини Ямандаги ҳокимият учун кураш, минтақавий рақобат ҳамда Эрон ва унинг рақиблари ўртасидаги зиддиятлар чигаллашиб кетган янада чуқурроқ низонинг кўриниши сифатида баҳолаш лозим. Ямандаги бугунги можаронинг асл сабабларидан бири ҳокимият талашиш оқибатида янада чуқурлашган ички давлатчилик инқирозидир. Ҳусийлар ёки «Ансоруллоҳ» ҳаракати мамлакат шимолида, Яманда тарихан илдиз отган шиа исломининг диний оқими бўлмиш зайдийлар орасида шаклланган. Уларнинг сиёсий фаоллиги 2000-йилларда, ҳаракат тарафдорлари президент Али Абдулла Солиҳ сиёсатига қарши чиқиб, марказий ҳукуматни коррупцияда, шимолий ҳудудларни камситишда ҳамда АҚШ ва Саудия Арабистонига сиёсий қарамликда айблаган пайтда кучайди. 2011 йилда Яманда бўлиб ўтган оммавий намойишлардан сўнг, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши воситачилигида ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш режаси амалга оширилди: президент Солиҳ ҳокимиятни ўз ўринбосари Абд Раббо Мансур Ҳодийга топширишга рози бўлди. Шу тариқа, Яман Ливия ва Сурия босиб ўтган ҳалокатли сценарийдан қутулиб қолгандек туюлди. Бироқ «Араб баҳори» ва раҳбарнинг ўзгариши Яманнинг қашшоқлик, коррупция ва сепаратизм каби муаммоларини ҳал қилмади, аксинча, марказий ҳокимиятни ўта заифлаштириб қўйди. Янги ҳукумат ваколатлар, ресурслар ва даромадларни тақсимлаш масаласида турли сиёсий гуруҳлар билан келиша олмади. Мамлакатни федерализация қилиш уриниши эса ҳусийларнинг норозилигини келтириб чиқарди. Улар етарли ресурслар ва сиёсий таъсирга эга бўлмаган, иқтисодий жиҳатдан қолоқ минтақада қолиб кетишдан хавфсираган эди. Оқибатда ички инқироз қуролли тўқнашувга айланиб кетди.

2014 йилда ҳусийлар ҳукуматнинг заифлигидан фойдаланиб, пойтахт Сано шаҳрини эгаллаб олди. Улар асосий давлат муассасалари устидан назорат ўрнатди, амалдаги президент Ҳодий эса Саудия Арабистонига қочиб ўтди. Ар-Риёд жанубий чегараларида қироллик ҳудудига таҳдид сола оладиган қуролланган шиа ҳаракати пайдо бўлишига тоқат қилишга тайёр эмасди. Саудияликлар нафақат Эрон таъсирининг кенгайишидан, балки ҳусийларнинг ҳокимиятни босиб олиши минтақавий кучлар мувозанатига таъсир қилишидан ҳам хавфсирарди. 2015 йилнинг мартида Саудия Арабистони Ҳодий ҳукуматини тиклаш ташаббуси билан чиқди ва ҳусийларга қарши 9 давлатдан иборат ҳарбий коалицияга бош бўлди. Йирик қуруқликдаги қўшинларни саудияликларнинг ўзи (150 минг), БАА (15 минг) ва Судан (40 минггача) ажратди. Баҳрайн, Қувайт, Қатар, Марокаш ва Иордания эса ҳарбий авиация билан таъминлади.

Эроннинг бу можарога аралашуви ҳақида гап кетганда, буни, энг аввало, минтақавий рақобат ва Теҳроннинг Форс кўрфазидаги рақиблари янада кучайиб кетишига йўл қўймасликка интилиши нуқтаи назаридан кўриб чиқиш лозим. Ҳусийларни қўллаб-қувватлаш Эронга тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувларга бормасдан туриб, ўзининг стратегик позицияларини мустаҳкамлаш ва Саудия Арабистонига қўшимча босим ўтказиш омили яратиш имконини берди. Шу билан бирга, ҳусийлар ҳеч қачон шунчаки Эрон сиёсатининг қуроли бўлган эмас: ҳаракат ўзининг сиёсий мақсадларини, ички кун тартибини ва қарор қабул қилишдаги сезиларли мустақиллигини сақлаб қолди. Бунда улар, энг аввало, ҳокимият учун кураш ва Яманда ўз позицияларини мустаҳкамлаш манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилади.

Яманнинг сиёсий бошқотирмасини ҳарбий йўл билан ҳал этиш коалициянинг қўлидан келмади. Авиазарбалар ва ўққа тутишлар инфратузилмани вайрон қилди, аммо чет эл аралашувига қарши халқ қаршилик кучига айланган ҳусийларни қўллаб-қувватлашнинг ижтимоий сабабларини бартараф эта олмади. Аста-секин ҳусийлар ракеталар ва дронлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди, натижада можаро фақат Яман ҳудуди билан чекланмай қолди. Ракета ва дронлар Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари шаҳарларигача етиб бора бошлади.

Бирлашган Араб Амирликларининг иштироки дастлаб умумий кампаниянинг бир қисми эди, аммо бора-бора ўз мантиқига эга бўлди. Абу-Даби нафақат ҳусийларни заифлаштиришга, балки Яман жанубида ўз позицияларини мустаҳкамлашга, денгиз йўллари хавфсизлигини таъминлашга ҳамда Боб ул-Мандаб бўғози ва Адан кўрфазига туташ ҳудудларда ўз таъсирини кенгайтиришга интиларди. Шу сабабли Амирликлар маҳаллий қуролли тузилмаларни, жумладан, жануб хавфсизлик кучларини ва жануб мустақиллиги тарафдори бўлган Жанубий ўтиш кенгашига алоқадор бўлинмаларни тайёрлаш ва қуроллантиришга урғу берди.

Айнан шу ерда ҳусийларга қарши коалиция ичидаги асосий зиддият юзага қалқиб чиқди. Саудия Арабистони расман Яманнинг ҳудудий яхлитлигини ва халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни қўллаб-қувватларди, Бирлашган Араб Амирликлари эса бир қисми жанубнинг ажралиб чиқишини истайдиган кучларни мустаҳкамлаётган эди. Бундан ташқари, Абу-Даби ҳусийларнинг нуфузли душманларидан бири – «Мусулмон биродарлар»га алоқадор «Ислоҳ» партиясига шубҳа билан қарарди. Моҳиятан, расман бир урушда иштирок этаётган иттифоқчилар Яманда турли сиёсий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаётган эди ва бу ҳолат бутун бошли кампаниянинг «муваффақиятига» ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

2020 йилларнинг бошларига келиб, Саудия Арабистони урушни давом эттириш ғалабани кафолатламаслигини тобора яққол англаб борди. 2022 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти воситачилигида эришилган сулҳ жанговар ҳаракатлар шиддатини пасайтирди, бироқ можаронинг асосий муаммоларини ҳал қилмади. Яман тарихининг мураккаблиги шунга олиб келдики, бир вақтлар кенг қамровли бўлган коалицияни секин-аста қарийб барча иштирокчилар тарк этди ва Саудия Арабистони ёлғиз қолди.

Қизиғи шундаки, Яман замонавий ҳусийлар ҳаракати пайдо бўлишидан анча олдин ҳам минтақавий қарама-қаршиликлар майдонига айланган эди. 1962 йилда имом Аҳмаднинг вафоти ва Яман Араб Республикаси эълон қилинишига олиб келган ҳарбий тўнтаришдан сўнг, республика тузуми тарафдорлари ва ағдарилган монархия тарафдорлари ўртасида фуқаролар уруши бошланди. Ички можаро тезда халқаро тус олди, чунки томонларнинг ҳар бирини ташқи кучлар қўллаб-қувватлай бошлади. Жамол Абдул Носир раҳбарлигидаги Миср республикачиларга ёрдам бериш учун қўшин юборди. Қоҳира учун бу араб дунёсидаги етакчилик учун курашнинг давоми ва Арабистон яриморолига ўз таъсирини ёйиб, минтақадаги монархияларга босимни кучайтириш уриниши эди. Маълум бир даврда Ямандаги Миср ҳарбий контингентининг сони ўн минглаб кишига етди, жанговар ҳаракатлар эса катта молиявий ва ҳарбий ресурсларни талаб қилди.

Саудия Арабистони эса, аксинча, ўз чегаралари яқинида Носир таъсирининг кучайишидан хавфсираб, монархия тарафдорларини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, Яман уруши Миср ва Саудия Арабистони ўртасидаги кенгроқ рақобатнинг бир лавҳасига айланди, мамлакатнинг сиёсий тузуми учун маҳаллий кураш эса халқаро оқибатларга эга можарога айланиб кетди.

Ўша урушнинг асосий сабоғи шундан иборат эдики, ташқаридан аралашув ҳеч кимга кўзланган натижага эришишга ёрдам бермади. Миср улкан ҳарбий-техник устунликка эга бўлса-да, ҳатто «Носир Виетнами» деб аталган узоқ ва толиқтирувчи урушга дуч келди. 1967 йилда Исроил билан бўлган Олти кунлик урушдаги мағлубиятдан сўнг, Қоҳира Ямандан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлади. 1970 йилда Саудия Арабистони республика ҳукуматини тан олди ва можаронинг асосий иштирокчилари сиёсий ечимга ўтди.

Яман тарихи барқарор бир қонуниятни кўрсатади: марказий ҳокимиятнинг заифлиги ички курашлар учун шароит яратади, мамлакатнинг географик жойлашуви эса минтақавий кучлар мувозанати ва денгиз коммуникацияларини назорат қилишдан манфаатдор бўлган ташқи ўйинчиларни жалб қилади. Ўз навбатида, бу ўйинчиларнинг аралашуви фуқаролар урушининг хусусиятини ўзгартиради, вайронагарчиликлар кўлами ва миқёсини кенгайтиради ҳамда кўпинча сиёсий ечим топишни янада мураккаблаштиради.

Шундай қилиб, 2015 йилдан бошлаб Саудия Арабистони ўз чегараларидаги таҳдидни бартараф этишга интилди, Бирлашган Араб Амирликлари эса бир вақтнинг ўзида ҳам ҳусийларни заифлаштиришга, ҳам мамлакат жанубида ўз позицияларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Аммо уларнинг мақсадларидаги тафовут ҳусийларга қарши лагернинг парчаланишига сабаб бўлди. Эрон ўзининг минтақавий рақибларига босимни кучайтириш учун қўшимча имкониятларга эга бўлди, гарчи ҳусийлар ҳаракати мавжудлигининг сабаблари, энг аввало, Яманнинг ўз тарихи билан боғлиқ бўлса-да.

2026 йил кузида Саудия Арабистонига берилган оғриқли зарбалар шуни яққол кўрсатадики, агар рақиб ўзининг сиёсий таянчини ва асимметрик ҳаракатлар қилиш қобилиятини сақлаб қолса, ҳарбий устунлик стратегик хавфсизликни кафолатлай олмайди. Бу маънода Яман 1960 йиллар сабоқларини такрорламоқда: ташқи кучлар урушнинг боришини ўзгартиришга қодир, лекин унинг якуний натижасини эмас. Бошқа томондан, мамлакатни ягона бошқарув остида бирлаштириш на ҳусийларнинг, на уларнинг рақибларининг қўлидан келади... Ички можаро адолатли сиёсий ечим топмас экан, Яман нафақат фуқаролар уруши майдони, балки минтақа учун низо манбаи бўлиб қолаверади. Барқарорликка фақатгина куч ишлатиш орқали эришиш уринишлари эса маҳаллий қарама-қаршиликнинг янада кенг кўламли можарога айланиб кетиш хавфини туғдиради ва унинг оқибатлари Арабистон яримороли сарҳадларидан четга чиқиб кетиши тайин.

Teglar

Mavzuga oid