Шавкат Мирзиёев ахалтака отлари чемпионати ғолибларини табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев «Шарқ марвариди — 2026» жаҳон чемпионати ғолибларини қутлаб, ахалтака тулпорлари бутун Марказий Осиё маданий меросининг ноёб дурдонаси эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ахалтака отлари чемпионати ғолибларини табриклади © Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ахалтака отлари бўйича ўтказилган «Шарқ марвариди — 2026» жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорларига табрик йўллади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, давлат раҳбари мусобақа қатнашчилари ва меҳмонларини юқори натижалар билан қутлаб, уларнинг маҳорати ва миллий анъаналарга садоқатини алоҳида эътироф этган.

Тантанали маросим Ашхобод шаҳридаги «Ашхобод» боғида бўлиб ўтган. Мирзиёев ушбу масканни ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва муштарак маънавий қадриятларнинг ёрқин рамзи сифатида баҳолаган.

Президент ўз нутқида Марказий Осиё халқлари ҳаётида от азалдан озодлик, жасорат, садоқат ва нафосат тимсоли бўлиб келганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бугунги кунда ҳам қардош халқлар чавандозлик санъатини ривожлантириб, бой маданий меросни давом эттирмоқда.

Шунингдек, Туркманистонда от спортини ривожлантиришга қаратилган ишлар юқори баҳоланди. Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаётганини қайд этди.

Президент ахалтака тулпорлари нафақат туркман халқининг миллий ифтихори, балки бутун минтақа маданий меросининг ажралмас қисми эканини таъкидлади. Унинг фикрича, Туркманистонда ўтказилаётган халқаро форумлар ва маънавий-маърифий тадбирлар чавандозлик санъатига қизиқишни янада оширмоқда.

Мирзиёев Янги Ўзбекистонда ҳам миллий қадриятларни асраб-авайлаш, миллий спорт турларини ривожлантириш ва наслдор йилқичиликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини билдирди. Табрик сўнгида у чемпионат ғолиблари ва совриндорларига мустаҳкам соғлиқ ҳамда янги ютуқлар тилади.

Teglar

Mavzuga oid