Шавкат Мирзиёев Бакудаги саммитда Осиёда ишонч инфратузилмасини яратиш ташаббусини илгари сурди
Ўзбекистон Президенти Боку шаҳрида бўлиб ўтган ОҲИЧК еттинчи саммитида иштирок этди. Давлат раҳбари томонидан Осиёда ишонч инфратузилмаси, сунъий интеллект ва экологик ҳамкорлик бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Бугун, 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этди ва Осиёда яхлит ишонч инфратузилмасини шакллантириш бўйича ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.
Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитидаги нутқидан асосий фикрлар:
Бугунги кунда дунё чуқур геосиёсий ўзгаришларни бошидан кечирмоқда, янги таҳдид ва хатарлар пайдо бўлмоқда. Бу вазият янада яқин ҳамкорлик ва биргаликда қарорлар қабул қилишни талаб этади;
Ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий-дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ ва барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал этилиши зарур;
“Биз Яқин Шарқдаги қарама-қаршилик ва Ғазодаги гуманитар вазиятни катта ташвиш билан кузатиб боряпмиз. Ушбу минтақада тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз”;
ОҲИЧКнинг асосий мақсади Осиёда ўзаро ҳамкорликнинг яхлит инфратузилмасини шакллантириш, ўзаро уйғун ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган ҳаракатлар, мажбуриятларни бажариш асосидаги муносабатларнинг барқарор тизимини яратиш бўлиши керак;
Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқиш, унда Кенгашни узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш таклиф этилган;
Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббуси илгари сурилган;
Иқлим барқарорлиги соҳасида шериклик қилиш бўйича ташаббус таклиф қилинган. Бу сувни тежайдиган технологияларни биргаликда жорий этиш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва атроф-муҳит ҳолатини доимий кузатиб бориш имконини беради;
Ўзбекистон Кенгашнинг Инсон мезони бўйича координатори сифатида таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда ва келгуси йили Инсон салоҳиятини ривожлантириш бўйича форумни ўтказишга тайёр;
Ўзбекистон ОҲИЧКнинг ташкилий асосларини янада мустаҳкамлаш ва унинг низомини такомиллаштириш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлайди. Илгари сурилаётган ташаббуслар ўзининг амалий ижросини топиши муҳим.





