Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форумининг очилиш маросимида иштирок этди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ ҳомийлигида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форумининг очилиш маросимида иштирок этди © prezident.uz

Боку шаҳридаги Конгресс марказида бўлиб ўтган тадбирда давлат раҳбарини Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Анаклаудия Россбах кутиб олди. Маросим давомида саммит иштирокчилари иштирокида анъанавий жамоавий суратга тушиш тадбири ҳам ўтказилди.

Бу йилги форум «Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар» мавзусига бағишланган. Унда турли давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар ва ривожланиш агентликлари вакиллари иштирок этмоқда.


Форум кун тартиби

Форум кун тартибидан шаҳарсозлик сиёсати, аҳолини замонавий ва ҳамёнбоп уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳитининг сифатини ошириш, иқлим ўзгаришларига мослашувчан инфратузилмани ривожлантириш каби масалалар ўрин олган. Шунингдек, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда уй-жойни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинмоқда.

Саммит доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Етакчилар саммитида нутқ сўзлаши кутилмоқда. Унда мамлакатнинг барқарор шаҳарсозлик, янги уй-жой қурилиши ва урбанизация жараёнларини бошқариш соҳасидаги ёндашувлари тақдим этилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid