Шавкат Мирзиёев Москвада Владимир Путин билан учрашди
Давлат раҳбарлари бир-бирини Ғалабанинг 81 йиллиги билан қутлади, Ўзбекистон ва Россия орасидаги муносабатлар ҳамда халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашди.

Кеча, 8-май куни Москва шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий қутлади.
Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини аввалги олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
«Биз яхши тушунамизки, бугунги шароитда, ҳозирги кундаги учрашувларимиз, ҳатто байрам тадбирлари муносабати билан бўлса ҳам, алоҳида муносабатларнинг ифодаси ва белгисидир. Бу шунчаки дўстлик эмас – мен буни биродарона ҳамкорлик деб атаган бўлардим.
Шавкат Мирзиёев ташқи сигналлар ва таҳдидларга қарамай, барибир бу ерга келгани ва эртага биз ҳамда менинг ҳамкасбларим билан бирга Қизил майдондаги ҳарбий парадда иштирок этиши – алоҳида рамзий аҳамиятга эга. Биз буни жуда яхши англаймиз ва дўстлик ҳамда умумий байрам тадбирларимизга бўлган эътибор белгиси учун сиздан миннатдормиз», – деди Путин.
Шунингдек, суҳбатда ўзаро савдо ҳажми барқарор ошиб бораётгани, саноат, энергетика, металлургия ва бошқа тармоқларда лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва устувор тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш, шунингдек, ҳудудлар даражасида фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувни янада таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
«Бугун Ўзбекистонда барча тадбирлар жуда яхши ўтказилмоқда. Айтмоқчиманки, кўпчилик билан суҳбатлашдим, госпиталга ҳам бордим. Москвага кетаётганимни айтдим. Улар: «Владимир Путинга биздан салом етказасизми?» деб сўрашди. Буни жуда мамнуният билан айтишди.
Шунингдек, икки томонлама муносабатларимиз ҳақиқатдан ҳам жуда жадал ривожланмоқда. Биз сиз билан телефонда гаплашган эдик. Иннопром энг юқори даражада ўтди. Умуман олганда, динамикамиз ёмон эмас. Ўтган йилга нисбатан биринчи чоракда товар айирбошлаш ҳажми 33 фоизга ошди – бу яхши кўрсаткич», – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.





