Шавкат Мирзиёев Никол Пашинян билан учрашди
Улар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
© Foto: president.uz8 октябрь куни Авазадаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон – Арманистон кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Турли даражаларда фаол алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда икки мамлакат ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Маълумот учун, икки давлат орасида ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, Ўзбекистонда Арманистон сармояси иштирокида 80 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги, заргарлик, енгил саноат, фармацевтика, кимё ва туризм соҳаларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Бу борада Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма ишбилармонлик тадбирларини самарали ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар халқаро аҳамиятга молик масалалар ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар.





