Logo

Сиэтл ва АҚШнинг бошқа шаҳарларида 1-сентябр «Ўзбекистон мустақиллиги куни» деб эълон қилинди

Bugun 16:283 daqiqa

АҚШнинг Сиэтл шаҳри ва пойтахт Вашингтон, шунингдек, Орегон штати ҳамда Ситак шаҳрида 2026-йил 1-сентябр расман «Ўзбекистон мустақиллиги куни» деб эълон қилинди. Америка расмийлари ўзлари имзолаган ҳужжатларда бир қатор масалаларни тилга олган. Президент администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси ҳамда администрациянинг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов эса бу борада ўз саҳифасига пост жойлади.

Сиэтл ва АҚШнинг бошқа шаҳарларида 1-сентябр «Ўзбекистон мустақиллиги куни» деб эълон қилинди

Сиэтл шаҳри (АҚШнинг Вашингтон штати) мэри Кети Б. Уилсон 1-сентябрни шаҳарда Ўзбекистон мустақиллиги куни деб эълон қилди. Бу ҳақда баҳорда Сиэтлда очилган Ўзбекистон Бош консулхонаси хабар берди.

Шу муносабат билан қабул қилинган прокламацияда Ўзбекистон бу йил ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаётгани ва Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат экани қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Сиэтл бизнес ҳамжамияти учун кенг ҳамкорлик имкониятларини таклиф қила олиши таъкидланган.

Пойтахт Вашингтон мэри Мириел Баузер 1-сентябрни шаҳарда Ўзбекистон мустақиллиги куни деб эълон қилувчи махсус фармойишни имзолади. Имзоланган декларацияда мустақиллик кунининг аҳамияти, АҚШнинг эса Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани кўрсатиб ўтилган.

«Бу йили республика ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлайди. Ушбу сана ҳар йили 1-сентябрда байрам қилиниб, ўзбек халқининг бой маданий мероси, эришган ютуқлари ҳамда халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини эътироф этади», — дейилади мэр имзолаган ҳужжатда.

1



Ҳужжатда Бош консулхонанинг яқинда очилиши Сиэтлни АҚШда Ўзбекистоннинг «тўғридан-тўғри дипломатик ваколатхонаси» мавжуд бўлган саноқли шаҳарлардан бирига айлантиргани ҳам қайд этилган.

Расмий маълумотларга кўра, Вашингтон штатида Ўзбекистондан борган 3000 дан ортиқ киши яшайди. Уларнинг аксарияти Сиэтл ва унинг атрофидаги шаҳарларда, жумладан, технологик ва трансмиллий компанияларда ишлайди. Шу йил ёзида Сиэтлда «Ўзбек маҳалласи» жамоат ташкилоти ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистон Мустақиллик куни Ню-Йорк штатида ҳам мунтазам равишда нишонланади. Штат Сенатининг 2026-йилги резолюциясида АҚШда 60 мингдан ортиқ ўзбек истиқомат қилиши, уларнинг ярми Ню-Йорк штати ва унга яқин ҳудудларда яшаб, турли соҳалар ривожига ҳисса қўшаётгани айтилган.

Бундан ташқари, Сиэтл шаҳри ва пойтахт Вашингтондан сўнг, Орегон штати губернатори ҳамда Ситак шаҳри мэри ҳам ўз ҳудудларида 1-сентябрни Ўзбекистон мустақиллиги куни деб эълон қилди. Штат губернатори Тина Котек имзолаган прокламацияда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги фаоллиги ҳамда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилган.

2



Орегон раҳбарияти Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар савдо, инвестициялар, технологиялар, таълим, тоза энергетика, туризм ва халқлараро алмашинувлар орқали тобора кенгайиб бораётганини ҳам эътироф этган. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси Орегон штатига ҳам хизмат кўрсатиши ва Ўзбекистон билан Орегон ўртасидаги маданий, иқтисодий, таълим ҳамда халқлараро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилган.

34



Шунингдек, Орегон штати Ўзбекистон билан маданий, таълим, иқтисодий ва халқлараро муносабатларни изчил кенгайтиришни олқишлаши расман билдирилган. Ўзбек-Америка ҳамжамияти ва Ўзбекистон дўстларининг икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси ҳам эътироф этилган.

«Орегон губернаторининг ушбу қарори Ўзбекистон мустақиллиги кунининг АҚШнинг бутун бир штати миқёсида расман эътироф этилиши бўлиб, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи юксалаётгани, Ўзбекистон–АҚШ муносабатлари эса федерал даража билан бир қаторда штатлар кесимида ҳам янги босқичга кўтарилаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир», — дея ёзган Бош консулхона.

Ўзбекистон Президенти администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов эса америкалик ҳамкорларга мазкур ташаббус учун миннатдорлик билдирди.

«Ушбу ташаббус учун америкалик ҳамкорларимизга самимий миннатдорлик билдираман», — дея пост қолдирди у Telegram саҳифасида.

Орегон штати АҚШнинг Тинч океани соҳилидаги иқтисодий ва технологик жиҳатдан муҳим штатларидан бири, «чиплар маркази» ҳисобланади. Аҳолиси 4,3 млн киши, иқтисодиёти эса 340 млрд доллардан ортиқ. Штат АҚШнинг етакчи яримўтказгич ва юқори технологиялар марказларидан бири бўлиб, у ерда «Intel»нинг йирик илмий-ишлаб чиқариш мажмуаси жойлашган. Орегон, шунингдек, АҚШда умумий савдо солиғи мавжуд бўлмаган 5 штатдан бири ҳамда қарийб 584 км Тинч океани соҳилига эга.

Teglar

Mavzuga oid