«Сифатли туристлар» сиёсати: энди ўзбекистонликлар Таиландда узоқ муддат қола олмайди

Bugun 21:251 daqiqa

Таиланд ҳукумати туристлар учун визасиз қолиш муддатини 60 кундан 30 кунга туширишга қарор қилди.

«Сифатли туристлар» сиёсати: энди ўзбекистонликлар Таиландда узоқ муддат қола олмайди

Таиланд Вазирлар маҳкамаси 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун амал қилаётган визасиз режим муддатини қисқартиришни маъқуллади. Энди мамлакатга турист сифатида кирувчилар 60 кун эмас, 30 кун визасиз қолиши мумкин. Бу ҳақда Таиланд туризм ва спорт вазири Сурасак Пханчароенворакул маълум қилди.

Унинг айтишича, визалар сиёсати бўйича қўмита ҳар бир давлат учун тартибларни алоҳида қайта кўриб чиқади.

Расмийлар хавфсизлик ва иқтисодий омиллардан келиб чиқиб, қайси давлат фуқаролари учун қайси турдаги виза тартиби мос келишини баҳолашини айтмоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳукумат асосий эътиборни туристлар сонини кўпайтиришга эмас, балки «сифатли туристлар»ни жалб қилишга қаратмоқчи.

2024 йил июлидан бошлаб Таиланд Ўзбекистон ва яна 92 давлат фуқаролари учун 60 кунлик визасиз режим жорий қилган эди.

Янги чеклов сабаби

«Bloomberg» маълумотига кўра, Таиланд ҳукуматининг қарори маҳаллий бизнес вакиллари босими ортидан қабул қилинган.

Тадбиркорлар айрим хорижликлар турист мақомида мамлакатга кириб, ноқонуний фаолият билан шуғулланаётганини айтган. Бу эса маҳаллий иқтисодиёт ва даромад манбаларига хавф туғдираётгани таъкидланган.

Шу сабабли ҳукумат миграция ва туристик оқим устидан назоратни кучайтиришга қарор қилди.

2026 йилнинг дастлабки уч ойида Таиланд ўзбекистонликлар энг кўп борган давлатлардан бири бўлган эди.

Teglar

Mavzuga oid