Стандартлар ва сармоялар: яшил молиядаги асосий чақириқлар

Bugun 12:253 daqiqa

Пекиндаги форумда иштирокчилар яшил молиядаги ўсишга қарамай, стандартларнинг ягона эмаслиги ва трансчегаравий тўсиқлар ҳали ҳам асосий муаммо бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Стандартлар ва сармоялар: яшил молиядаги асосий чақириқлар

Глобал Жануб мамлакатлари ўртасида «яшил молия» соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланишни илгари суришнинг муҳим йўли ҳисобланади, деб таъкидладилар Глобал Жануб молиячилари форуми иштирокчилари. Бу ҳақда 25–26 март кунлари Пекин шаҳрида «Глобал Жанубни ёритиш» мавзусида бўлиб ўтган форумда қатнашган VAQT.UZ журналисти хабар берди.

Форумда Хитойдан ва хориждан молиявий институтлар раҳбарлари, экспертлар ва саноат етакчилари иштирок этиб, яшил молия ҳамкорлигининг ютуқлари ва келажак истиқболлари бўйича фикр алмашди.

Яшил ўсиш бўйича келишув

Форум иштирокчилари таъкидлашича, иқлим билан боғлиқ муаммоларнинг кучайиши ва глобал энергия тизимидаги чуқур ўзгаришлар шароитида яшил ва барқарор ривожланиш эндиликда танлов эмас, балки инсониятнинг умумий келажаги учун заруратга айланган.

Хитой Қишлоқ хўжалиги банки президенти Ван Чжихэнгнинг айтишича, Глобал Жанубда яшил соҳаларга йўналтирилаётган капитал оқими тобора яққол кўринмоқда. Унинг қўшимча қилишича, бой ресурслар ва катта ривожланиш салоҳияти ушбу ҳудудни яшил инвестициялар учун муҳим манзилга айлантирмоқда.

2

Озарбайжон Марказий банки ижрочи директори Шаҳин Маҳмудзода эса иқлим ўзгаришининг шиддатлилиги барча соҳаларда фаол чоралар кўришни талаб қилаётганини, кўплаб давлатлар бу масаланинг аҳамиятини аллақачон англаб етганини таъкидлади.

Хитой Халқ банки раиси ўринбосари Лу Лэйнинг сўзларига кўра, ривожланаётган мамлакатлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва глобал барқарорликни таъминлашда муҳим куч ҳисобланади. У яшил молия соҳасида Жануб–Жануб ҳамкорлигини чуқурлаштириш глобал барқарор ривожланишга янада кучли ва барқарор туртки беришини таъкидлади.

Яшил капитал ҳаракати

Сўнгги йилларда Глобал Жануб мамлакатлари яшил молияни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириб, молиявий ресурсларни тобора кўпроқ яшил тармоқларга йўналтирмоқда.

Хитой Қурилиш банки президенти Жан Ининг таъкидлашича, энергия трансформацияси, экологияни муҳофаза қилиш ва иқлимга мослашиш каби соҳалар молиявий иштирокни кенгайтириш учун катта имкониятлар яратмоқда.

Хитой Марказий банки маълумотларига кўра, 2025-йил охирига келиб мамлакатда яшил кредитлар ҳажми 44,8 триллион юанга (тахминан 6,49 триллион АҚШ доллари) етган, яшил облигациялар чиқарилиши эса жами 5,2 триллион юанни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткичлар дунёдаги энг юқори даражалардан бири ҳисобланади.

3

Қирғиз Республикаси Яшил молия жамғармаси раиси Санжар Муканбетов Хитой тажрибаси давлат сиёсати, молия бозорлари ва технологик инновациялар уйғун ҳолда яшил трансформацияни илгари суриши мумкинлигини намойиш этишини таъкидлади.

Муаммолар ҳали мавжуд

Форум иштирокчилари қайд этишича, глобал яшил трансформация иқлим ўзгаришига нисбатан пассив жавобдан энергия хавфсизлиги ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган фаол стратегияга айланмоқда. Бироқ Глобал Жануб мамлакатлари бу жараёнда ҳали ҳам қатор чекловларга дуч келмоқда.

Асосий муаммолардан бири — ягона ва ўзаро тан олинадиган стандартларнинг етишмаслигидир. Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университети президенти Жао Жунсюнинг таъкидлашича, яшил лойиҳаларни сертификатлаш ва ахборот ошкор қилиш каби соҳалардаги фарқлар трансчегаравий инвестициялар харажатларини ошириб, капиталнинг самарали ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, молиявий институтлар савдо ва молиялаштириш каналларидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун инновацияларни фаол равишда жорий этмоқда.

Ваннинг айтишича, Хитой Қишлоқ хўжалиги банки мамлакатнинг жануби-ғарбидаги Юннан провинциясида бизнес марказ ташкил этган бўлиб, қўшни давлатлардаги 22 та банк билан ҳамкорликда трансчегаравий ҳисоб-китоб моделини ишлаб чиққан. Бу эса 188 та яшил ташқи савдо корхонасига самарали молиявий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.

Келгусида иштирокчилар инновацияларни кучайтириш, стандартларни ўзаро тан олиш ва капитал оқимларини енгиллаштириш орқали Глобал Жанубда барқарор ривожланишга йўналтирилган молиявий ресурсларни кўпайтириш ҳамда ўсиш саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid