Сурхондарёда нефт оқишига сел сабабчи бўлгани айтилмоқда

Bugun 15:202 daqiqa

23-апрел кун Бойсун туманидада содир бўлган сел оқими «ERIEEL GROUP» томонидан ясалган нефт маҳсулоти сақловчи дамбани ювиб кетган ва мазут Сурхондарёгача оқиб келган.

Сурхондарёда нефт оқишига сел сабабчи бўлгани айтилмоқда © Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Қумқўрғон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи сув ҳавзаси ранги ўзгаргани акс этган видеолар тарқалди. Унга кўра, Сурхондарё дарёсининг бир қисми нефт билан зарарланган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 23-апрел куни Бойсун туманида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган сел оқимлари нефт сақланадиган сунъий омборларни бузиб юборган бўлиши мумкин. Оқим Бойсундаги Кофурун сойидан бошланиб, Бандихон орқали Қумқўрғон туманигача етиб келган.

Сел давомида тоғ жинслари, табиий чўкиндилар ва турли аралашмалар сув таркибига қўшилиб, унинг ташқи кўринишида кескин ўзгаришларга олиб келган бўлиши эҳтимол.

Сув хўжалиги вазирлиги муносабати

Шу билан бирга, Сув хўжалиги вазирлиги ҳодисанинг сабабларини очиқлади. Унга кўра, Бойсун туманидаги Хангаронсой соҳилида бурғулаш ишлари вақтида чиқарилган нефт вақтинчалик тупроқ дамбалари орқали сақланган. Бу иншоотлар «Eriell Group» компанияси томонидан барпо этилган.

Кучли ёғингарчилик туфайли сув сатҳи кескин ошиб, ушбу дамбалардан сел-тошқин сувлари ошиб ўтган. Натижада нефт аралашган сувлар аввал Бандихонсойга, сўнгра Сурхондарё дарёсига қўшилган.

Ҳодисадан сўнг «Eriell Group» томонидан дамбалар қайта тиклангани ва нефт оқиши тўлиқ бартараф этилгани маълум қилинди. Ҳозирда мутасаддилар томонидан сув намуналари олиниб, лаборатория таҳлиллари ўтказилмоқда.

Шунингдек, Амударё-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сел хавфи юқори бўлган жойларда назорат кучайтирилиб, доимий навбатчилик йўлга қўйилган.

Teglar

Mavzuga oid