Сузиш ҳавзаларини қуриш харажатлари қоплаб берилади
Ҳукумат қарорига кўра, хусусий ташаббускорларга сузиш ҳавзаларини қуриш ва ишга тушириш харажатларининг 50 фоизигача, лекин 100 млн сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилади.

Ўзбекистонда янги замонавий сузиш ҳавзалари қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Ҳукуматнинг 27 январда қабул қилинган 29-сон қарори билан ушбу йўналишда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, харажатларни қоплаш механизми талабгорлар томонидан тақдим этилган дастлабки 100 та сузиш ҳавзасига нисбатан амал қилади.
Компенсация миқдори ва муддати
Белгиланган тартибга кўра, 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача ташкил этилган сузиш ҳавзалари учун харажатларнинг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади. Бироқ ажратиладиган маблағ ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ошмаслиги шарт. Мазкур чора хусусий инвестицияларни рағбатлантириш ва аҳоли учун спорт инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган.
Талабгорларга қўйиладиган шартлар
Компенсация олиш учун мурожаат қилувчи юридик шахслар бир қатор талабларга жавоб бериши лозим. Хусусан, солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаслиги, қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида турмаслиги, фаолияти қонунчилик асосида вақтинча тўхтатилмаган бўлиши керак. Шунингдек, суд қарори билан тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган корхоналар ушбу дастурда иштирок эта олмайди.
Ариза бериш тартиби
Талабгорлар харажатларни қоплаш учун Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали Туризм қўмитасига ариза тақдим этади. Аризага сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва ишга тушириш бўйича тузилган пудрат шартномаси ҳамда шартнома асосида амалга оширилган тўловларни тасдиқловчи электрон ҳужжатлар илова қилинади.
Маблағларни ажратиш муддати
Туризм қўмитаси томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, маблағлар қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида талабгорнинг ҳисобварағига ўтказиб берилади.





