Logo

Swift халқаро пул ўтказмаларини тезлаштирадиган блокчейн тизимини ишга туширмоқда

Bugun 13:392 daqiqa

Глобал молия тизимида янги босқич бошланиши мумкин. Swift банкларга халқаро пул ўтказмаларини дам олиш кунлари ва тунда ҳам амалга ошириш имконини берувчи тизимни синовдан ўтказмоқда.

Swift халқаро пул ўтказмаларини тезлаштирадиган блокчейн тизимини ишга туширмоқда © btchaber.com

Swift (Халқаро банклараро молиявий телекоммуникация жамияти) блокчейн технологияси асосида ишловчи янги тўлов тизими дастлабки фойдаланиш босқичига тайёр эканини маълум қилди.

Янги тизим орқали банклар трансчегаравий пул ўтказмаларини кеча-ю кундуз, ҳафтанинг исталган куни амалга ошириши мумкин бўлади.

Ҳозирги халқаро пул ўтказмалари кўп ҳолларда банкларнинг иш вақтига боғлиқ. Шу сабабли айрим операциялар кечаси, дам олиш ёки байрам кунлари кечикиши мумкин. Swift янги технология орқали ушбу чекловларни қисқартиришни мақсад қилмоқда.

Маълумотларга кўра, дунёнинг 17 та йирик банки янги тармоқ орқали реал операцияларни синовдан ўтказишга тайёр. Жараёнда «HSBC», «Citigroup», «Bank of New York Mello», «Standard Chartered» ва «UBS Group» каби йирик молиявий ташкилотлар иштирок этади.

Пул ўтказмалари қандай ўзгаради?


Янги тизим токенлаштирилган депозитлар асосида ишлайди. Токенлаштирилган депозитлар — бу мижозларнинг банк ҳисобварақларидаги маблағларининг блокчейн технологияси орқали ўтказиш мумкин бўлган рақамли кўринишидир.

Масалан, мижоз бир мамлакатдан бошқа мамлакатга пул юборганда банклар ушбу маблағ ҳаракатини блокчейн орқали тезроқ амалга ошириши мумкин бўлади. Якуний ҳисоб-китоб эса мавжуд банк тизимлари орқали тасдиқланади.

Сўнгги йилларда банклар блокчейн асосидаги турли тўлов ечимларини синаб келмоқда. Бироқ уларни оммавий жорий этишда асосий муаммолардан бири ҳар бир ташкилот ўз тизимини яратгани ва улар бир-бири билан интеграциялаша олмаслиги (ўзаро мос келмаслиги) эди.

Swift эса банклар учун ягона халқаро инфратузилма яратиб, турли молиявий тизимларни ўзаро боғлашни режалаштирмоқда.

Банк тизимида янги давр

Компания келажакда ушбу тармоқ фақат токенлаштирилган депозитлар билан чекланиб қолмаслигини билдирган. Тизим стейблкоинлар ва бошқа рақамли активлар билан операцияларни ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.

Стейблкоин — доллар ёки бошқа активларга боғланган рақамли токен бўлиб, сўнгги йилларда халқаро тўловларда ундан фойдаланишга қизиқиш ошиб бормоқда.

Жаҳон молия бозорида рақамли тўловларга ўтиш жараёни қизиқиш ошиб бормоқда. Яқинда 100 дан ортиқ молиявий компаниялар умумий стейблкоин лойиҳаси устида иш бошлаганини маълум қилган.

АҚШда эса йирик банклар «The Clearing House» бошқарувида токенлаштирилган банк депозитлари ва анъанавий тўлов тизимларини боғлайдиган умумий тармоқ яратишни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, Swift глобал молия тизимининг энг муҳим инфратузилмаларидан бири ҳисобланади. У дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудидаги 11 500 дан зиёд банк ҳамда молиявий ташкилотлар ўртасида хавфсиз молиявий хабар алмашувини таъминлайди. Ҳар куни ушбу тизим орқали миллионлаб операциялар бўйича триллионлаб долларлик тўлов кўрсатмалари юборилади.

Teglar

Mavzuga oid