Тайван осмонида ўйин кетаётгани йўқ — NYT уруш хавфидан огоҳлантирди

24.10.2025 | 21:202 daqiqa

Агар Трамп Хитой билан кескинликни юмшатишга эришса, «икки давлатни Учинчи жаҳон уруши ёқасидан қайтарган президент» сифатида тарихга кириши айтилди.

Тайван осмонида ўйин кетаётгани йўқ — NYT уруш хавфидан огоҳлантирди

The New York Times таҳририятида чоп этилган таҳлилий мақолада АҚШ мудофаа вазирлигининг собиқ ёрдамчиси Эрик Розенбак ҳамда Гарвард университети Белфер маркази илмий ходими Крис Ли Хитой ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида юз берган ҳодисалар таҳлилига асосланиб, можаро хавфи юқори эканини таъкидлади. Уларга кўра, Тайван ороли атрофида ҳаво ва денгизда содир бўлаётган воқеалар ва хавфли яқинлашувлар сони кескин ортган. Бу жараён ҳали бери тўхтамайди.

Муаллифларнинг таъкидлашича, бу вазият совуқ уруш давридаги каби мустаҳкам ҳарбий алоқа тизимининг йўқлиги сабабли хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. АҚШ ва Хитой ҳарбий раҳбарияти ўртасида реал вақтда ишлайдиган ишончли мулоқот каналлари мавжуд эмас, бу эса кичик воқеанинг катта урушга айланиш эҳтимолини кучайтиради.

Мақолада 2001 йилда Хайнан ороли яқинида юз берган воқеа эслатилди: АҚШ разведка самолёти билан Хитой қирувчи самолёти тўқнашиб, хитойлик учувчи ҳалок бўлган, америкаликлар эса мажбурий қўнишдан кейин 10 кун асирда қолган. Бу воқеа дипломатик музокаралар орқали ҳал этилган эди, аммо экспертлар бугунги кунда бундай имконият ҳам чекланганини қайд этмоқда.

Розенбак ва Лининг фикрича, Хитой бугун анча қудратли ҳамда кескин ҳаракат қиладиган давлатга айланган, икки мамлакатдаги миллий ғурур ва сиёсий босим эса можарони янада чуқурлаштирмоқда. Улар АҚШ президенти Доналд Трампни 30 октябр куни Жанубий Кореяда бўладиган APEC саммитида Си Жинпинг билан учрашувда тўғридан-тўғри ҳарбий хавфларни бартараф этиш масаласига эътибор қаратишга чақирди.

Муаллифларнинг фикрича, агар Трамп Хитой билан барқарор инқирозни бошқариш тизимини ярата олса, у «икки давлатни Учинчи жаҳон уруши ёқасидан қайтарган презид» сифатида тарихга киради.

Teglar

Mavzuga oid