Logo

Телефонлар учун бекор қилинадиган бож, Янги Тошкентдаги йирик имтиёзлар ва Аэропортда бекор қилинган IMEI чеклови — 11 ноябр дайжести

Bugun 22:134 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Телефонлар учун бекор қилинадиган бож, Янги Тошкентдаги йирик имтиёзлар ва Аэропортда бекор қилинган IMEI чеклови — 11 ноябр дайжести

Тўланмаган жарималар учун автомобилларни жарима майдончасига жойлаштириш тартиби тасдиқлади

Ички ишлар вазирлигининг 2027 йил 7 январдан кучга кирадиган янги йўриқномасига асосан, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жаримани 60 кун ичида тўламаган қарздорларнинг автомобиллари жарима майдончасига жойлаштирилади. Қарздорлик ҳақидаги маълумотлар ЙҲХХ инспекторларининг планшетларида автоматик равишда акс этади ва улар алоҳида баённома тузмасдан автомобилни ушлаб туришга ҳақли. Бироқ, ҳайдовчи тўхтатилган вақтда жаримани электрон тўлов тизимлари орқали жойида тўлиқ тўласа, транспорт воситаси жарима майдончасига тортилмайди. Шунингдек, инспекторларга ҳуқуқбузарлардан жойида нақд пул шаклида жарима ундириш қатъиян тақиқланади ва баённомалар асосан электрон шаклда (электрон имзо ёки бармоқ изи билан) расмийлаштирилади.

Янги тартибга кўра, автоматик камералар қайд этган қоидабузарликлар бўйича баённома тузилмасдан, автомобиль эгасига нисбатан қарор чиқарилади. Ҳайдовчиларга жаримани 15 кун ичида тўласа 50 фоизлик, 30 кун ичида тўласа 70 фоизлик чегирма берилади (оғир ва такрорий қоидабузарликлардан ташқари). Бундан ташқари, битта ҳуқуқбузарлик учун энг кўпи билан 2 балл ҳисобланадиган тизим амал қилиб, бир йил ичида 12 баллдан ортиқ тўплаган ҳайдовчига қўшимча жазо тайинлаш масаласи суд орқали кўриб чиқилади ва тўпланган баллар бир йил ўтгач автоматик равишда бекор қилинади.

Ўзбекистонга саёҳат мақсадида қайси давлат фуқаролари энг кўп ташриф буюрмоқда?

2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадларда жами 11 миллион 622 мингдан ортиқ чет эл фуқароси ташриф буюрди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,9 миллион нафарга ёки 19,4 фоизга ошган.

Мамлакатга келаётган сайёҳларнинг энг катта қисми ҳамон қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, ташриф буюрувчиларнинг асосий қисмини Қирғизистон (3,18 млн), Қозоғистон (2,7 млн) ва Тожикистон (2,55 млн) фуқаролари ташкил этган. Шунингдек, Ўзбекистонга энг кўп турист юборган давлатлар ўнлигидан Россия (1,1 млн), Афғонистон (432 минг), Хитой (430 минг), Туркманистон, Туркия, Ҳиндистон ва Германия ҳам жой олган.

Янги Тошкентда инвесторлар 20 йилгача солиқдан озод қилинади

Ўзбекистон Президентининг 11 ноябрдаги фармони билан Янги Тошкент шаҳрида ҳамда бошқа махсус ҳудудларда қиймати 50 миллион доллар ва ундан ортиқ бўлган йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими жорий этилди. Унга кўра, инвестиция ҳажми камида 50 миллион долларни ташкил этадиган лойиҳалар доирасида фойдаланиладиган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил муддатга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан тўлиқ озод қилинади. Шу билан бирга, ҳудудларни барпо этишга масъул дирекцияларга лойиҳалаштириш ва ер участкаларини сотиш жараёнида мустақил қарорлар қабул қилиш бўйича кенг ваколатлар берилди.

Шунингдек, янги режим доирасида лойиҳа объектларини ижарага бериш ёки сотишдан олинган фойда бўйича бор-йўғи 1 фоизлик ставкада фойда солиғи тўланади. Мазкур имтиёз муддати инвестиция миқдорига қараб белгиланади (50 млн доллар учун 5 йил, 100 млн доллар учун 10 йил, 500 млн доллар учун 15 йил). Бундан ташқари, пудратчиларнинг хорижий шахслардан сотиб оладиган хизматлари ҚҚСдан озод этилади ҳамда инвесторларнинг 2040 йил 1 январга қадар лойиҳадан олган дивидендлари Ўзбекистонга қайта инвестиция қилинган тақдирда, бундай даромадлар ҳам солиққа тортилмайди.

Ўзбекистонда телефонлар учун импорт божи бекор қилиниши кутилмоқда

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш арафасида четдан олиб кириладиган мобил қурилмалар учун импорт божини тўлиқ бекор қилади. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, ЖСТга аъзолик музокаралари доирасида бошқа давлатлар билан мобил телефонлар импорти бўйича ноллик ставкани қўллаш юзасидан келишувга эришилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, божхона божи бекор қилингач, телефонлар харидорлар учун тахминан 5 фоизга арзонлашиши кутилмоқда, бироқ қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўланиши сақлаб қолинади.

Мазкур ўзгаришнинг давлат бюджетига таъсири ҳам баҳоланган бўлиб, ҳозирги вақтда телефонлар импортидан тушаётган қарийб 2 триллион сўмлик даромад ноллик ставка жорий этилгач, 300–400 миллиард сўмга камайиши кутилмоқда. Божхона қўмитаси масъулларининг таъкидлашича, бу тартибнинг айнан қайси санадан бошлаб кучга кириши ҳозирча номаълум, аммо ЖСТга кириш арафасида импорт божи албатта нолга туширилади.

Бугундан Тошкент аэропортида мобил қурилмаларни божхонадан ўтказишдаги чеклов бекор қилинди

Жорий йилнинг 11 ноябрь кунидан бошлаб Тошкент халқаро аэропортида хориждан олиб келинган мобил телефонларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш қайта йўлга қўйилди. Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг маълум қилишича, UZIMEI ва Божхона қўмитаси ўртасидаги музокаралар якунига кўра, мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини аниқлашда божхоначиларга амалий кўмак бериш мақсадида UZIMEI вакилларининг аэропортда доимий фаолият юритиши белгиланган. Мазкур келишувдан сўнг, божхона постида телефонларни расмийлаштиришни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги чора бекор қилинди.

Чеклов олиб ташлангач, шу пайтгача йўловчилардан вақтинчалик олиб қўйилган бир неча юз дона мобил қурилмани ўз эгаларига қайтариш ишлари бошлаб юборилди. Эслатиб ўтамиз, аэропортларда қимматбаҳо смартфонлар (хусусан, iPhone) ва уларнинг IMEI-кодлари назорати 6 ноябрдан кучайтирилиб, 10 ноябрь куни қурилмаларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилган эди. Божхона қўмитаси бу чекловни айрим телефонларда сохта ёки бошқа қурилмага тегишли IMEI-кодлардан фойдаланиш ҳолатлари кўпайгани ва уларни аниқлаш учун қўшимча текширувлар талаб этилгани билан изоҳлаган.

Teglar

Mavzuga oid