Ўзбекистонда телефонлар учун импорт божи бекор қилиниши кутилмоқда
Божхона қўмитасига кўра, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш арафасида мобил қурилмалар импорт божини 0 фоизга туширади.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш арафасида четдан олиб кириладиган мобил қурилмалар учун импорт божини тўлиқ бекор қилади. Бу ҳақда 11 ноябрь куни Божхона қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Расмийларга кўра, ЖСТга аъзолик музокаралари доирасида бошқа давлатлар билан мобил қурилмалар импорти бўйича ноллик ставкани қўллаш юзасидан келишувга эришилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга таяниладиган бўлса, божхона божи бекор қилингач, телефонлар харидорлар учун тахминан 5 фоизга арзонлашиши мумкин. Бироқ, импорт божи нолга туширилган тақдирда ҳам, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўланиши сақлаб қолинади.
Ушбу ўзгаришнинг давлат бюджетига таъсири ҳам баҳоланган. Божхона қўмитаси вакилининг келтиришича, ҳозирги вақтда телефонлар импортидан бюджетга тушаётган маблағ қарийб 2 триллион сўмни ташкил этади. Ноллик ставка амалиётга жорий этилгач, ушбу тушум 300–400 миллиард сўмга камайиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида мазкур ноллик ставка айнан қайси санадан бошлаб кучга киришига аниқлик киритилмади.
«Переговорлар процесси», яъни ўзаро мулоқотда бошқа давлатлар билан божхона божи ставкаларини, муқобил ставкаларини бир-биримиз билан келишамиз. Ўша келишувда мобил қурилмаларимизнинг ставкасини ноль фоиз миқдорда келишганмиз. Яъни, ЖСТга кириш арафасида бу ставка барибир нолга тушади. Яъни сизга ҳозир, мана, бюджетга икки триллион тушаётган бўлса, икки триллион эмас, уч юз, тўрт юз миллиард камроқ тушади. Лекин аҳолига беш фоиз сал камроқ, арзонроқ бўлади. Бироқ НДС барибир тўғри», - деди Божхона қўмитаси масъули.





