Ўзбекистонга саёҳат мақсадида қайси давлат фуқаролари энг кўп ташриф буюрмоқда?
2026-йилнинг январ–октябр ойларида мамлакатга туристик мақсадларда келган хорижликлар сони 11,6 миллионтани ташкил этди.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026-йилнинг январ–октябр ойларида 11 млн 622 минг 103 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,9 млн нафарга кўп. Йиллик ўсиш суръати 19,4 фоизни ташкил этган.
Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, ҳамон қўшни давлатлардан келган туристлар сони катта улушни ташкил этмоқда. Хусусан, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Ўзбекистонга энг кўп турист юборган мамлакатлар учлигига кирган.
10 ой давомида Қирғизистондан 3 млн 180 минг 403 нафар фуқаро келган. Қозоғистондан 2 млн 703 минг 401 нафар, Тожикистондан эса 2 млн 553 минг 147 нафар сайёҳ қайд этилган. Ушбу уч мамлакатдан келганлар жами 8,4 млн нафардан ошган.
Россиядан келган туристлар сони 1 млн 104 минг 57 нафарни ташкил этган. Афғонистондан 432 минг 651 нафар, Хитойдан 430 минг 326 нафар фуқаро Ўзбекистонга келган.
Туркманистондан 289 минг 933 нафар, Туркиядан 169 минг 553 нафар ташриф буюрувчи қайд этилган.
ТОП-10 таликнинг сўнгги икки поғонасидан Ҳиндистон ва Германия жой олган. Ҳиндистондан 64 минг 344 нафар, Германиядан эса 50 минг 846 нафар фуқаро келган.
Аввалроқ Ўзбекистон Қозоғистон ва Хитой билан авиақатновлар сонини ошираётгани хабар қилинганди.
Шунингдек, Vaqt.uz дунёнинг йирик иқтисодиётларида туризм соҳаси қанча даромад келтираётгани ҳақида таҳлилий материал эълон қилганди.





