«Tesla» мотор ва педалсиз болалар велосипедини сотувга чиқарди
225 долларлик мазкур янги маҳсулот 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган бўлиб, у фақат оёқ билан итариб ҳаракатлантирилади.

«Tesla» компанияси мухлислари узоқ вақт давомида кутган электрон велосипед ўрнига, моторсиз ва педалсиз болалар велосипедини сотувга чиқарди. Бу ҳақда «Electrek» нашри хабар берди.
«Balance Bike for Kids» (Болалар учун мувозанат велосипеди) номли янги маҳсулот «Tesla»нинг онлайн дўконида 225 доллардан сотувга қўйилган бўлиб, у 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган.
Велосипедда ҳеч қандай ҳаракатлантирувчи тизим мавжуд эмас — болалар уни фақат оёқлари билан итариб ҳаракатлантиришади, бу эса велосипедининг асосий мақсади ҳисобланади.
Техник хусусиятлари ва нарх
Мазкур велосипед енгил магнийли корпусга ва беш хил баландликда мослаштириладиган ўриндиққа эга.
Унинг ён томонида «Tesla» ёзуви, олдинги қисмида эса «T» логотипи туширилган. Талабларга кўра, велосипеддан фойдаланувчи боланинг энг кам оёқ узунлиги 13,7 дюймни, максимал вазни эса 77 фунтни ташкил қилиши керак.
Маҳсулотни йиғиш учун керакли асбоб-ускуналар жамланманинг ичига киритилган.
Мухлислар бир неча йиллардан бери компаниядан электрон велосипед, хусусан, миш-мишларга сабаб бўлган «Tesla Model B» моделини ишлаб чиқаришни сўраб келишаётган эди. Илон Маск бу ғояни бир неча бор рад этган бўлса-да, баъзида уни қўллаб-қувватлаган ҳолатлари ҳам бўлган.
Нарх масаласида, одатий мувозанат велосипедлари бозорда 50-120 доллар, магний корпусли «Hornit AIRO» эса 73 доллар атрофида сотилади. Бироқ, «Tesla» ўз маҳсулотини премиум тоифадаги велосипедлар билан бир қаторда баҳолаган. Унинг 225 долларлик баҳоси «Woom 1» (249 доллар) ва «Strider 14x Sport» (220 доллар) моделлари нархига яқиндир.
Ҳозирда «Tesla» томонидан ҳақиқий электрон велосипед ишлаб чиқарилиши кутилаётган бир пайтда, «BMW» каби бошқа автоишлабчиқарувчилар ушбу бозорга киришга улгурган. Шунингдек, электромобиллар ишлаб чиқарувчи «Rivian» бренди ҳам ўзига хос дизайн ва хусусиятларни таклиф этувчи «Also» номли янги электрон велосипед компаниясини ташкил қилган.





