Тожикистон ва Озарбайжон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Муҳокамада савдо айланмасини ошириш, қўшма саноат корхоналарини ташкил этиш ҳамда Озарбайжон инвестицияларини Тожикистон иқтисодиётига жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Абдураҳмонзода Абдураҳмон Сафарали Бокуда бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилишлари доирасида Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микайил Жаббаров билан учрашди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, савдо айланмасини ошириш, қўшма саноат корхоналарини ташкил этиш ҳамда Озарбайжон инвестицияларини Тожикистон иқтисодиётига жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар саноат, инвестиция ва бошқа иқтисодий йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Учрашув якунида вазирлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.





