Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган 77 кг наркотик мусодара қилинди
Сариосиё туманида мактаб ўқитувчиси бўлиб ишловчи 1984 йилда туғилган фуқаро тожикистонлик наркокурерлардан олган опий моддасини 180 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 77 килограммга яқин наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Сирдарё вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, вилоят бошқармаси ва божхона органлари ҳамкорлигида махсус операция ўтказилган. Унда Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинган.
Маълум қилинишича, «ўзбек-тожик» давлат чегарасининг Ховос тумани Шарқобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида тожикистонлик наркокурерлар чегара сим тўсиқлари орқали 6 та сумкани улоқтирган. Уларни қабул қилиб олишга уринган 1983 ва 1990 йилларда туғилган икки нафар маҳаллий фуқаро чегара наряди томонидан ушланган.
Сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, улар ичида 8 килограмм 314 грамм героин ва 54 килограмм 458 грамм опий борлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўтказилган алоҳида тезкор тадбирда эса мактаб ўқитувчиси бўлиб ишловчи 1984 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди. У тожикистонлик наркокурерлардан олинган 14 килограмм 680 грамм опий моддасини шартли харидорга 180 минг АҚШ долларига сотиш вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу жиноятга алоқадор бўлиши мумкин бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.





