Тошкент давлат юридик университетининг ётоқхонаси 195,7 млрд сўмга сотувга қўйилди
Олмазор туманида жойлашган 1 гектар майдонга эга талабалар ётоқхонаси аукцион савдосига чиқарилди. Бино харидорга фақат у ердаги давлат ташкилотлари Янги Тошкентдаги кампусга кўчиб ўтганидан кейингина фойдаланиш учун топширилади.
© Foto: e-auksionТошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган Тошкент давлат юридик университетига (ТДЮУ) тегишли 2-сонли талабалар ётоқхонаси 195,66 миллиард сўмга «E-auksion» электрон савдо платформасида сотувга чиқарилди.
Савдога қўйилган объект Зиё маҳалласи, Талабалар кўчаси, 2-уй манзилида — Кичик ҳалқа автойўли билан кесишма яқинида жойлашган. Мазкур бино тўртта талабалар ётоқхонаси комплекси таркибига киради.
Умумий ер майдони 1,02 гектарни, бино ва иншоотлар майдони эса 8972 квадрат метрни ташкил этади. Мажмуа тўлиқ сув, газ, электр энергияси ва канализация тармоқлари билан таъминланган.
Лот бўйича аукцион савдолари 4-ноябр куни соат 10:00 га белгиланган. Савдода иштирок этиш учун талаб этиладиган закалат миқдори бошланғич нархнинг 3 фоизини, яъни 5,87 миллиард сўмни ташкил этади.
Мазкур давлат активини хусусийлаштириш жараёнига Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 2-июлдаги 361-сонли қарори асос қилиб олинган. Ҳужжат ёпиқ тарзда қабул қилинган бўлиб, ҳозирда «лех.уз» қонунчилик базасида очиқ эълон қилинмаган.
Сотувнинг асосий шартига кўра, бинодан фойдаланаётган давлат ташкилотлари ТДЮУнинг янги кампусига тўлиқ кўчиб ўтганидан кейингина объект харидорга бўшатиб берилади ва у кўчмас мулкдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, бинони топширишнинг аниқ санаси аукцион шартларида очиқланмаган.
Маълумот учун, ТДЮУнинг Янги Тошкент ҳудудида замонавий кампусини барпо этиш президентнинг 2025-йил 26-ноябрдаги фармонида кўзда тутилган. Лойиҳалаштириш ва қурилиш ишлари 2025−2028-йилларга мўлжалланган бўлиб, бунинг учун халқаро молия институтлари, хорижий банклар ҳамда қурилиш компаниялари маблағлари жалб этилади.
Аввалроқ Vaqt.uz 2022-2025-йилларда сотувга қўйилган талабалар ётоқхонаси бўйича суриштирув эълон қилган эди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (ҳозирги Таълим ва илм-фан вазирлиги) бунга жавобан ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган айрим лотлар талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки талабалар турар жойлари таркибидаги ертўла, ошхона, буфет, ҳовли қисми ҳамда бошқа ёрдамчи майдонлардан иборат эканлигини айтган.
Шунингдек, вазирлик Ўзбекистон миллий педагогика университетига тегишли объектларнинг оммавий савдога чиқарилиши Президентнинг ПФ–70-сон фармони асосида амалга оширилаётганини билдирди. Университетнинг мавжуд бинолари Янги Тошкентдаги янги кампус фойдаланишга топширилгандан кейингина бўшатилишини маълум қилган. Аммо айрим саволлар очиқ қолган эди.





