Тошкент–Самарқанд пуллик йўли тендерида Хитой компанияси ғолиб бўлди

Bugun 08:302 daqiqa

Тошкент–Самарқанд ўртасида қуриладиган 282 километрлик янги пуллик автомагистрал лойиҳаси бўйича 2,18 млрд долларлик тендерда Хитой компанияси ғолиб деб топилди.

Тошкент–Самарқанд пуллик йўли тендерида Хитой компанияси ғолиб бўлди

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилишича, халқаро тендер якунига кўра Хитой компанияси танлаб олинган ва айни пайтда шартнома имзолаш ҳамда қурилиш ишларини бошлаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Қурилиш ишларини 2026 йил июл ойида бошлаш режалаштирилган.

Вазирнинг таъкидлашича, давлат раҳбари лойиҳани замонавий ёндашувлар асосида амалга ошириш, лойиҳалаш жараёнларини тезлаштириш ҳамда қурилиш сифатини назорат қилувчи халқаро консалтинг компаниясини жалб этиш бўйича топшириқ берган. Мазкур компания техник назорат, экспертиза ва сифат мониторинги билан шуғулланади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги Тошкент–Самарқанд йўлида транспорт оқими ўтказувчанлик даражасидан ошиб кетган. Янги трасса орқали тирбандликлар камайиши, ҳайдовчилар ва йўловчилар манзилга 2–2,5 баробар тезроқ етиб бориши кутилмоқда.

Лойиҳани молиялаштириш

Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов лойиҳа қиймати тахминан 2,185 млрд доллар эканини маълум қилди. Лойиҳани молиялаштириш тўрт босқичда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, маблағларнинг асосий қисми хорижий кредитлар ҳисобидан қопланади.

Молиялаштириш жараёнига Хитой тараққиёт банки, Хитой экспорт-импорт банки ва Хитой коммуникациялар банки каби молия институтларини жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, қурилиш ишларининг узлуксизлигини таъминлаш учун 1 йил муддатга 200 млн долларлик «бриж-кредит» олиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Президент администрацияси ҳузуридаги Транспорт ва логистикани комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси раҳбари Отабек Унгбоевнинг билдиришича, лойиҳанинг 85 фоизи ёки 1,857 млрд доллар қисми ташқи кредитлар ҳисобидан, қолган 328 млн доллар қисми эса давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент–Самарқанд пулли йўли қурилишини тезлаштиришни топширган эди.

Инфратузилма ва қурилиш объектлари

Лойиҳа доирасида 12 та транспорт ечими, 60 та туннелли ўтиш жойи, 91 та кўприк, 16 та йўл ўтказгич, 258 та дренаж иншооти ва интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, 12 та терминал, йўл бўйи инфратузилмаси ва вазн ўлчаш тизими ташкил қилинади.

Teglar

Mavzuga oid