Тошкент ва Прага ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар қайта тикланиши мумкин

Bugun 14:552 daqiqa

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди.

Тошкент ва Прага ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар қайта тикланиши мумкин © prezident.uz

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар товар айирбошлашни кенгайтириш орқали уни 1 миллиард долларга етказиш вазифасини белгилади. Шунингдек, Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Саноат ва инвеститсиялар

Музокараларда чехиялик компаниялар билан машинасозлик, “яшил” энергия, геология, кимё ва фарматсевтика соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувга эришилди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи Технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, “ақлли” шаҳарлар яратиш, муҳандислик ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари қайд этилди. Ўзбекистон—Чехия бизнес форумида илгари сурилган ташаббуслар ҳам қўллаб-қувватланди.

Авиақатновлар ва гуманитар алоқалар

Маданий-гуманитар йўналишда таълим, академик алмашинув ва қўшма дастурларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, маданият ва кино кунлари, кўргазмалар ва консертларни мунтазам ўтказиш орқали ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.

Сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Тошкент ва Прага шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни қайта тиклаш имконияти ҳам муҳокама қилинди. Бу икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириши кутилмоқда.

Томонлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун Ишбилармонлар кенгашини тузиш ва Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини август ойида Тошкентда ўтказишга келишиб олди. Шунингдек, қабул қилинган қарорларни амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Teglar

Mavzuga oid