Тошкентда БМТнинг гиёҳвандликка қарши CHAMPS лойиҳаси Ишга туширилди

05.12.2025 | 09:352 daqiqa

Болалар орасида психоактив моддалар истеъмолининг олдини олишга қаратилган лойиҳанинг илк пилот ҳудуди Сергели тумани бўлди.

Тошкентда БМТнинг гиёҳвандликка қарши CHAMPS лойиҳаси Ишга туширилди

Тошкент шаҳрида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда болалар орасида зарарли хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган халқаро CHAMPS лойиҳаси расман бошланди.

Ушбу ташаббус давлат ва нодавлат ташкилотларни болалар ўртасидаги нохуш ижтимоий ҳолатларнинг эрта профилактикаси йўлида бирлаштиришни мақсад қилган.

Лойиҳа доирасида болаларнинг ҳаётий ва ижтимоий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда хавф гуруҳидаги вояга етмаганларга манзилли ёрдам кўрсатишнинг ягона ва интеграциялашган тизими яратилади. Мазкур стратегик қадам мамлакатда соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги давлат сиёсатининг муҳим қисми ҳисобланади.

Пойтахтда бўлиб ўтган тадбирда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов ва БМТнинг минтақавий вакили Оливер Столпе иштирок этди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев болалар хавфсизлигини таъминлашда маҳаллий бошқарув органларининг роли ҳақида сўз юритдилар. Учрашув давомида лойиҳанинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда CHAMPS ташаббусини амалга ошириш учун биринчи пилот ҳудуд сифатида Тошкент шаҳрининг Сергели тумани танлаб олинди. Ҳозирда ушбу туманда мавжуд профилактика инфратузилмалари ҳолати халқаро экспертлар томонидан атрофлича баҳоланмоқда. Мутахассислар болаларнинг соғлом ривожланишини таъминловчи асосий параметрларни ишлаб чиқиш ва амалдаги тизимни халқаро стандартларга мослаштириш устида иш олиб бормоқдалар.

Ташаббуснинг асосий вазифаси вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва гиёҳвандлик каби иллатларнинг тарқалишига қарши мустаҳкам ижтимоий қалқон яратишдан иборат. Бунда нафақат давлат идоралари, балки жамоатчилик тузилмалари ҳам фаол иштирок этиши кўзда тутилган. Сергели туманида тўпланган тажриба келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этилиши режалаштирилган бўлиб, бу тизимли ёндашувни таъминлайди.

Teglar

Mavzuga oid