Тошкентда «Гелик»ни соатига 222 км тезликда бошқарган йигитлар 15 суткага қамалди
Уларга майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик бўйича маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Тошкентда Mercedes-Benz (Гелендваген) машинасини соатига 222 км тезликда ҳайдаган ва унга ноқонуний равишда «мигалка» ўрнатган икки йигит 15 суткага қамалди. Бу ҳақда ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев хабар берди.
Қайд этилишича, И.К. ва Ш. А. март ойи бошида Сергели тумани Файзий кўчасида Mercedes-Benz машинасига ноқонуний равишда «мигалка» мосламаларини ўрнатиб олиб, бир ҳолатда 210, яна бир ҳолатда 222 километр соатдан ошиқроқ тезликда ҳаракатланган ҳамда йўл ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қўпол равишда бузган.
Таъкидланишича, улар билан профилактик суҳбат олиб борилган. Содир этган ҳаракатларининг ҳуқуқий ва маънавий аҳамияти тушунтирилган ва қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органларига тақдим этилган.
«Мен бу даражада бўлиб кетади деб ўйламагандим, яъни қонун устуворлигини ҳақиқатан жазо муқаррарлигини бизга кўрсатиб беришди бу нарсани. Бошқа қилмоқчи бўлган инсонларга бунақа нарсаларни тавсия ҳам қилмайман. Яъни ижтимоий тармоқларга қўйиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслигини сўраб қоламан. Агарда кимда ким йўл ҳаракати давомида кимдирга халақит бериб қўйган бўлса, минг бор узр сўрайман. Халқимдан ҳам узр сўрайман», — дейди йигитлардан бири.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарори билан, уларнининг ҳар иккисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (Майда безорилик) асосан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
ЙҲХБ юқоридаги шахсларнинг қонунбузарликларидан жабрланган фуқаролардан яқин орадаги ички ишлар бўлимига ёки 102 рақамларига мурожаат қилишларини сўраган.





