Тошкентда ижара нархлари кескин ошиб бормоқда
Айрим туманларда нархлар бир йил ичида қарийб 20 фоизгача ўсгани кузатилган.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026 йил апрел ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара бозорида нархлар ўсиши давом этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Маълумотларга кўра, апрел ойида Тошкент шаҳри бўйича уй-жой ижарасининг ўртача нархи бир квадрат метр учун 9,2 долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга юқори ҳисобланади. Шаҳарнинг марказий ҳудудларида нархлар ҳануз энг қиммат сегмент сифатида сақланиб қолмоқда.
Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида кузатилди. Хусусан, Миробод туманида бир квадрат метр учун ижара қиймати ўртача 11,5 долларга етган. Шайхонтоҳур туманида бу кўрсаткич 11,2 доллар, Яккасарой туманида эса 10,5 доллар атрофида шаклланган.
Йиллик ўсиш суръатлари бўйича эса Яшнобод тумани етакчилик қилди. Бу ҳудудда ижара нархлари бир йил давомида 18,2 фоизга ошган. Кейинги ўринларда Бектемир тумани 16,7 фоиз ва Юнусобод тумани 14,3 фоизлик ўсиш билан қайд этилди. Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида ҳам икки хонали ўсиш суръатлари сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда нархлар нисбатан паст сақланмоқда. Масалан, Бектемир туманида ижаранинг ўртача қиймати бир квадрат метр учун 6,7 доллар, Сергели туманида 7,3 доллар ва Учтепа туманида 7,7 доллар даражасида қайд этилди.

Manba: ITIM
Мутахассислар фикрича, пойтахтда ижара бозори уй-жой сотув бозорига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Бир йил ичида ижара нархлари ўртача 9,1 фоизга ошган бўлса, уй-жой нархларининг умумий индекси 7,6 фоизлик ўсишни кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 2026 йил март ойи ҳолатига кўра уй-жой ижарасининг ўртача нархи ҳар бир квадрат метр учун 8,9 долларни ташкил этган эди.





