Logo

Тошкентда «Салар» каналини ифлослантирган қурувчи компания 2,2 миллиард сўмлик жаримага тортилди

Kecha 21:302 daqiqa

3 июл куни Яккасаройдаги кўп қаватли бино қурилишида канализация қувури ўпирилиб тушганди.

Тошкентда «Салар» каналини ифлослантирган қурувчи компания 2,2 миллиард сўмлик жаримага тортилди © Foto: gov.uz

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасидаги қурилиш вақтида оқова сувларни «Салар» каналига оқизган «B.B.» МЧЖ жами 2 млрд 220 млн 40 минг 905 сўм компенсация тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси маълум қилди.

Ташкилот томонидан табиатни муҳофаза қилиш, сув ва ер кодекслари талаблари қўпол равишда бузилганлиги сабабли сувга етказилган зарар бўйича 2 млрд 160 млн 13 минг 824 сўм, тупроқ ифлослангани учун эса 60 млн 27 минг 81 сўм компенсация белгиланган.

Экологик мониторинг миллий маркази таҳлилларига кўра, каналга ҳеч қандай рухсатномасиз ва тозалаш ишларисиз 63 936 куб метр суюқ чиқинди ташланган. Олинган сув намуналари лабораторияда ўрганилганда, таркибида нефт маҳсулотлари қолдиқлари меъёрдан 5,02 марта, азот аммоний 43,5 марта, кимёвий кислород эҳтиёжи (ХПК) 4,9 марта ва муаллақ моддалар 13,6 марта юқорилиги маълум бўлди.

Шунингдек, суюқ чиқинди тўпланган ер рельефидаги тупроқ намуналари таркибида ҳам нефт маҳсулотлари белгиланган меъёрдан ўртача 5,2 марта ошгани аниқланди.

Қувур ўпирилиши ва оқова сувнинг каналга бурилиши

Мазкур ҳолат 3 июл куни кўп қаватли турар жой биносини қуриш жараёнида содир бўлган. Қурилиш объектида канализация тармоғидаги техник носозлик оқибатида диаметри 1 800 мм бўлган асосий қувурга шикаст етган ва унинг бир қисми ўпирилиб тушган. Натижада сув тошиб, ер қопламасининг қисман чўкиши кузатилган.

Қувур ёрилиши оқибатида тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар эса қурувчилар томонидан махсус насослар ёрдамида тўғридан-тўғри «Салар» каналига ташланган. 6 июл куни Экология бошқармаси раҳбарияти, лаборатория мутахассислари ва туман инспекторлари иштирокида тезкор ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб, оқова сувнинг каналга оқизилиш ҳолатини тасдиқлаган эди.

Teglar

Mavzuga oid