Тошкентда янги пулли магистрал йўл қурилиши мумкин
Тошкентда транспорт муаммосини енгиллаштириш учун қарийб 100 километрлик ҳалқа йўли ва янги аэропортга олиб борувчи магистрал пулли йўллар қурилиши муҳокама қилинмоқда.
© businessdailyafrica.comТошкент шаҳрида янги пулли автомобил йўлларини қуриш бўйича йирик инфратузилма лойиҳалари муҳокама қилинди. Бу масала Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзаков бошчилигидаги делегация ҳамда China Railway Construction Corporation раҳбарияти ўртасидаги учрашувда кўтарилди.
Йирик транспорт режалари
Муҳокама қилинган асосий лойиҳалардан бири — узунлиги қарийб 100 километр бўлган ҳалқа шаклидаги пулли автомобил йўлини қуришдир. Лойиҳа пойтахтда транспорт оқимини қайта тақсимлаш ва тирбандликларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, келгуси йилларда қурилиши режалаштирилаётган янги халқаро аэропорт йўналиши бўйича шаҳар марказидан ўтувчи янги магистрал пулли йўл қурилиши имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Реновация ва экология
Учрашувда транспорт соҳасидан ташқари шаҳарни комплекс реновация қилиш, инфратузилмани модернизациялаш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шавкат Умурзаков компанияга реновация ҳудудларида иштирок этиш, экологик талабларга жавоб берувчи қурилиш ишларини амалга ошириш ҳамда қурилиш ва маиший чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган полигон ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Музокараларда замонавий мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга объектларни қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистондаги илк пуллик автомагистрал — Урганч–Хива йўналишидаги 35 километрли йўл қурилиши 24 февралда расман бошланган эди. 120 миллион доллар қийматга эга лойиҳа мамлакат транспорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Шунингдек, Тошкент–Андижон йўналишида барпо этиладиган пулли автомобил йўли тўлиқ масофани 2 соат 14 дақиқада босиб ўтиш имконини беради. 314 километрлик янги автомагистрал 150 km/h тезликда ҳаракатланиш имконини беради. Ушбу лойиҳанинг қурилиш муддати тахминан 4 йил давом этади.
Автомобил йўллари қўмитаси ҳуқуқий маслаҳатчиси Ҳасан Умаровнинг сўзларига кўра, пулли йўлдан 200 километр масофани босиб ўтиш тахминан 100 минг сўмга тушади.





