
Тошкент–Андижон пулли йўли 2 соат 14 дақиқада босиб ўтилади
314 километрлик янги автомагистрал 150 km/h тезликда ҳаракатланиш имконини беради. Ушбу лойиҳанинг қурилиш муддати тахминан 4 йил давом этади.

Тошкент–Андижон йўналишида барпо этиладиган пулли автомобил йўли тўлиқ масофани 2 соат 14 дақиқада босиб ўтиш имконини беради. Бу ҳақда Транспорт вазирлигининг 19 ноябр куни давлат-хусусий шериклик бўйича учинчи давра суҳбатидаги тақдимотда маълум қилинган.
Қайд этилишича, 314 километр автомагистрал цемент-бетон қопламали, олти полосали ва 1А тоифада қурилади. Лойиҳанинг умумий қиймати тендер ғолиби аниқлангандан кейин маълум бўлади, қурилиш муддати эса тахминан тўрт йил давом этади.
Ушбу йўл таркибида узунлиги 33 километрга тенг 10 та туннел, 1122 метрлик 102 та йўл ўтказгич ва максимал 150 km/h тезликда ҳаракатланиш имкони назарда тутилган. Тендерда учта компания иштирок этмоқда, ғолиб 2026 йилнинг биринчи ёки иккинчи чорагида эълон қилиниши мумкин. Вазир ўринбосари Жасурбек Чориевнинг айтишича, тендер ҳужжатларини тайёрлаш одатда 3–6 ой давом этади ва иштирокчилар таклифларни тез тақдим этса, жараён янада жадал кечиши мумкин.
Автомобил йўллари қўмитаси ҳуқуқий маслаҳатчиси Ҳасан Умаровнинг сўзларига кўра, пулли йўлдан 200 километр масофани босиб ўтиш тахминан 100 минг сўмга тушади. Унинг таъкидлашича, оддий йўлларда тезликни ошириш учун жарима тўлаш эҳтимоли юқори бўлса, пулли йўл узлуксиз ҳаракатни таъминлаб, йўл харажатларини камайтириши мумкин.
Пулли йўлда сервис хизматлари юқори даражада бўлади: ҳар 50–100 километрда ёқилғи шохобчалари, дам олиш масканлари ва тўхташ жойлари барпо этилади. Шунингдек, тез ёрдам, ички ишлар ва фавқулодда хизмат машиналари йўлдан бепул фойдаланади. Белгиланган тезликни оширганлик учун эса оддий йўллардаги каби жарималар татбиқ этилади.





