Logo

Тошкентга кўчиб келганлар орасида қайси вилоят етакчи?

Bugun 16:302 daqiqa

Тошкент шаҳри аҳолисининг қарийб ҳар бешинчиси пойтахтдан ташқарида туғилган.

Тошкентга кўчиб келганлар орасида қайси вилоят етакчи? © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистон пойтахтининг демографик таркиби мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан кўчиб келган аҳоли ҳисобига шаклланмоқда. 2026 йилда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, ҳозир Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 81,2 минг киши Қашқадарё вилоятида туғилган. Бу кўрсаткич бўйича мазкур вилоят пойтахтда Тошкент вилоятидан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Миллий статистика қўмитаси эълон қилган жадвалларга кўра, Тошкент шаҳрида яшаётган, аммо бошқа ҳудудда туғилган аҳолининг энг катта қисми Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади — 118,9 минг киши. Қашқадарё вилоятида туғилганлар эса 81,2 минг нафарни ташкил этган.

Ундан кейинги ўринларни Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари банд қилган.

Пойтахтда бошқа ҳудудларда туғилганлар қанча?

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси 3,22 миллион кишини ташкил этган.

Уларнинг 2,63 миллион нафари бевосита пойтахтда туғилган бўлса, қолган 596,2 минг киши (ёки шаҳар аҳолисининг 18,5 фоизи) Тошкентдан ташқарида дунёга келган.

Аниқроқ айтганда, пойтахтда яшайдиган, аммо Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида туғилганлар сони 544,6 минг нафарни ташкил қилади. Яна 51,6 минг киши хорижий давлатларда туғилган.

Шундай қилиб, рўйхатга олиш маълумотлари Тошкент шаҳри аҳолисининг қарийб ҳар бешинчиси пойтахтдан ташқарида туғилганини кўрсатмоқда.

Тошкентда қайси вилоятда туғилганлар кўп?

Пойтахтда истиқомат қилаётган аҳоли туғилган ҳудуди бўйича қуйидагича тақсимланган:

Туғилган ҳудуд

Тошкентда яшовчилар

Тошкент вилояти

118 873

Қашқадарё

81 196

Самарқанд

59 027

Бухоро

43 577

Сурхондарё

38 132

Фарғона

35 185

Андижон

29 186

Хоразм

27 224

Жиззах

26 293

Наманган

25 144

Қорақалпоғистон

21 824

Навоий

21 415

Сирдарё

17 486

 

Миллий статистика қўмитаси эълон қилган жадвалларни ўзаро таққослаганда Ўзбекистонда 1,25 миллионга яқин киши (ёки мамлакат аҳолисининг 3,2 фоизи) ўзи туғилган ҳудуддан бошқа жойда истиқомат қилаётгани маълум бўлди.

2026 йилги аҳоли рўйхати нимани кўрсатди?

Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар ўтказилди.

Рўйхатга олиш натижалари шуни кўрсатадики, айни шу санада Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион 47,3 минг кишини ташкил этган. Шундан Тошкент шаҳрида 3 миллион 224,8 минг, Тошкент вилоятида эса 3 миллион 763,1 минг киши истиқомат қилмоқда. Икки маъмурий ҳудуд аҳолисини бирга қўшиб ҳисоблаганда, уларнинг умумий сони қарийб 6,99 миллион нафарга етади.

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари нафақат аҳолининг умумий сонини, балки уларнинг қайси ҳудудда туғилгани ва ҳозир қаерда яшаётганини ҳам таққослаш имконини берди.

Teglar

Mavzuga oid