Logo

Тошкентнинг модернизм меъморчилиги объектлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди

Kecha 21:202 daqiqa

Номинациядан Марказий Осиё меъморчилиги анъаналари ва маҳаллий иқлим хусусиятларининг ўзига хос уйғунлигини акс эттирувчи ўнта муҳим объект ўрин олган.

Тошкентнинг модернизм меъморчилиги объектлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказилаётган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент модернистик архитектураси. Марказий Осиёнинг замонавийлиги ва анъаналари» миллий номинацияси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Бу Ўзбекистоннинг сўнгги 25 йил ичида Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган биринчи миллий номинацияси, мамлакатнинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги олтинчи маданий объекти, шунингдек, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларида ушбу мақомга эга бўлган XX аср модернистик архитектурасининг илк объекти ҳисобланади.

Бу бўйича Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Telegram’даги саҳифасида шундай ёзади:

«Бу фақатгина бир нечта бинонинг эмас, зилзиладан кейинги Тошкентнинг қайта бунёд этилиши билан боғлиқ бутун бир даврнинг эътирофидир. Ўша йиллари пойтахтимиз замонавий архитектура, Марказий Осиё анъаналари ва ўзига хос иқлим хусусиятларини мужассам этган буткул янги ва бетакрор қиёфа касб этган.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги навбатдаги ғалабаси – бой меъморий асраб-авайлаш, келажак авлодга безавол етказиш йўлидаги яна бир муҳим қадам хайрли ва бардавом бўлсин!».

Номинация XX асрнинг иккинчи ярмида, асосан 1966-йилги зилзиладан кейин шаклланган Тошкентнинг архитектура меросига бағишланган. У модернистик архитектура тамойиллари, Марказий Осиё меъморчилиги анъаналари ва маҳаллий иқлим хусусиятларининг ўзига хос уйғунлигини акс эттирувчи ўнта муҳим объектни бирлаштиради.

Номинациядан «Жемчуг» тураржой биноси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Халқлар дўстлиги саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Давлат сирки, Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Алишер Навоий номидаги кинотеатр, «Чорсу» бозори, «Космонавтлар» метро станцияси ва Катта қуёш печи («Қуёш» гелиокомплекси) ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева ЮНЕСКО Бош директори Ҳолид ал-Ананий билан учрашганди.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкентнинг модернизм меъморчилиги объектлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди | Vaqt.uz