Трамп Эронга 48 соат берди: Кўприклар ва электр станциялари нишонда

Bugun 09:103 daqiqa

Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғози очилмаса Эронни «жаҳаннам» кутаётганини айтди. ИИМК эса «Google», «Apple» ва «Microsoft» объектларига зарба бериш билан таҳдид қилмоқда.

Трамп Эронга 48 соат берди: Кўприклар ва электр станциялари нишонда

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Эрон раҳбариятига охирги огоҳлантиришни эълон қилди. Трампнинг таъкидлашича, у аввалроқ Эронга келишувга эришиш ёки Ҳўрмуз бўғозини очиш учун 10 кун муҳлат берган эди ва бу вақт тугашига атиги 48 соат қолган.

«Вақт тугамоқда – уларга ҳақиқий дўзах ёғилишига 48 соат қолди», деб ёзди Америка етакчиси.

У Эроннинг янги раҳбариятини зудлик билан ҳаракат қилишга чақириб, акс ҳолда мамлакатдан «ҳеч вақо қолмаслигини» қўшимча қилди.

Трампнинг таҳдидлари нафақат риторика, балки аниқ ҳарбий нишонларни ҳам ўз ичига олади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ қуролли кучлари Эрондаги объектларни йўқ қилишни ҳали бошлагани ҳам йўқ. Набатдаги нишонлар сифатида мамлакатдаги стратегик кўприклар, электр станциялари, нефть объектлари, Харк ороли ва ҳатто сувни чучуклаштирувчи қурилмалар кўрсатилган. Аввалроқ АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Теҳрон ва Каражни боғловчи «B1» кўпригига зарба берган эди, бу эса навбатдаги вайронагарчиликлар учун «дебоча» сифатида кўрилмоқда.

Бунга жавобан Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Яқин Шарқдаги АҚШ компанияларининг 18 та объектига, жумладан, «Microsoft», «Apple», «Google» ва «Nvidia» каби IT-гигантларига зарба бериш билан таҳдид қилди. ИИМК аллақачон Дубайдаги «Oracle» дата-маркази ва Баҳрайндаги «Amazon» булутли ҳисоблаш марказига ҳужум қилганини эълон қилди.

Кибер-уруш ва технологик фронт

Эрон томони АҚШнинг технологик компанияларини ҳарбий нишон сифатида белгилаши можаронинг янги босқичига ўтганидан далолат беради. Теҳроннинг фикрича, айнан IT-сектори АҚШнинг Эрон ичкарисидаги нишонларни аниқлаш ва йўқ қилишдаги «кўзлари ва қулоқлари» бўлиб хизмат қилмоқда. Шу сабабли, минтақадаги АҚШ бизнес объектлари, айниқса маълумотлар марказлари ва технологик хаблар юқори хавф остида қолмоқда.

ИИМКнинг Дубайдаги «Oracle» марказига берган зарбаси Эрон расмийларининг ўлдирилишига «тўғридан тўғри жавоб» сифатида талқин қилинмоқда. Бундай ҳаракатлар нафақат ҳарбий, балки глобал рақамли инфратузилмага ҳам катта зарар етказиши мумкин. АҚШ маъмурияти эса бу ҳужумларни жавобсиз қолдирмаслигини ва Эроннинг иқтисодий юраги ҳисобланган нефт терминалларини нишонга олишини очиқ айтмоқда.

Тинчлик музокаралари ва Ҳўрмуз бўғози

Трампнинг сўзларига кўра, Эроннинг «янги президенти» Вашингтондан ўт очишни тўхтатишни сўраган, бироқ АҚШ бу сўровни фақат Ҳўрмуз бўғози тўлиқ очилган тақдирдагина кўриб чиқишини билдирган. Теҳрон эса бундай мурожаат бўлганини рад этмоқда. Ҳўрмуз бўғози жаҳон нефт савдосининг 20 фоизи ўтадиган артерия бўлиб, унинг ёпиқ қолиши жаҳон иқтисодиёти учун кунига миллиардлаб доллар зарар келтирмоқда.

Ҳозирда икки томон ҳам «чекиниш — мағлубият» тамойилида ҳаракат қилмоқда. Трамп 6 апрель куни бўлиб ўтиши кутилаётган музокаралар олдидан максимал босим ўтказишга уринмоқда. Агар 48 соат ичида дипломатик ечим топилмаса, минтақада нафақат ҳарбий объектлар, балки фуқаролик инфратузилмаси ва халқаро технологик корпорацияларни ҳам қамраб олувчи кенг кўламли «вайронакор уруш» бошланиши хавфи жуда юқори.

Teglar

Mavzuga oid