Трамп таҳдиди ва унга бозорнинг реакцияси

Bugun 17:252 daqiqa

Трампнинг таҳдидли чиқиши ортидан инвесторлар деярли барча активларни сотишга қайтди ва нефт нархлари ошди.

Трамп таҳдиди ва унга бозорнинг реакцияси

Эрондаги уруш билан боғлиқ хавотирлар кучайгани сабаб фонд ва хомашё бозорларида кескин пасайиш юз берди: акциялар, олтин ва биткоин қулади, нефт эса икки кунлик пасайишдан сўнг қимматлади, деб хабар беради «Reuters».

Трамп яна нефтни кўтарди

«Бугун кечқурун мен айта оламанки, биз яқин вақт ичида, жуда тез орада, Американинг барча ҳарбий вазифаларини бажариш йўлидамиз. Кейинги икки-уч ҳафта давомида уларга жуда қаттиқ зарба берамиз. Биз уларни яна тош даврига қайтариб юборамиз, уларга ўша жой муносиб», – деди Трамп, шу билан уруш яна бир неча ҳафта давом этишини англатиб.

Трампнинг нутқидан сўнг инвесторлар деярли барча активларни сотишга қайтди (АҚШ долларидан ташқари) ва нефт нархларини юқорига ҳайдади. «Brent» маркали нефт бўйича июн фючерслари (яқин ой етказиб бериш) савдолар давомида максимумда деярли 7 фоизга ошиб, бир баррел учун 108,15 долларга етди, нашр вақтида эса 107 доллар атрофида савдо қилинмоқда. АҚШ акциялари бўйича фючерслар 1 фоизга, Европа акциялари эса 1,5 фоиздан кўпроққа тушди.

Акциялар тушиши

Осиё акциялари кучли босим остида қолди: Япониянинг «Nikkei» 225 индекси 2,3 фоизга тушди, Жанубий Кореянинг «Kospi» индекси эса 4,2 фоизга қулади. «MSCI» томонидан Японияни ҳисобга олмаган Осиё-Тинч океани минтақасининг кенг акция индекси 2 фоиздан кўпроққа пасайди, деярли барча Осиё фонд биржалари «қизил зона»га ўтди.

Олтин қандай жавоб берди?

Олтин нархлари бугун, 2-апрел куни Осиё савдоларида пасайди ва тўрт сессиялик ўсишни тўхтатди. Спот олтин нархи охирги марта 1,4 фоизга тушиб, унцияси 4 693,12 доллар бўлди, аввал эса сессия давомида 4 800,58 долларгача кўтарилган эди.

АҚШдаги олтин фючерслари деярли 2 фоизга тушиб, унцияси 4 721,80 долларга етди. Бошқа қимматбаҳо металлар орасида кумуш нархи 3,2 фоизга тушиб 72,77 доллар/унция бўлди, платина эса 1,7 фоизга пасайиб 1 934,60 доллар/унцияга етди.

Биткоин

«Bitcoin» бугун, 2-апрел куни тушди ва криптовалюталар ҳамда рискли активларнинг умумий пасайишига эргашди. Дунёдаги энг йирик криптовалюта апрел бошидаги нисбатан ижобий бошланишдан сўнг позицияларини йўқотди, аммо йил давомида кузатилган савдо диапазонида қолди.

Биткоин 2,9 фоизга тушиб, соат 09:00 ҳолатига кўра 66 465,7 долларга етди.

Teglar

Mavzuga oid