Трамп «Тинчлик кенгаши»га 10 млрд доллар ажратмоқда

20.02.2026 | 08:182 daqiqa

Вашингтонда янги халқаро тузилма — «Тинчлик кенгаши» илк йиғилишини ўтказди. Доналд Трамп бу тузилма БМТга ёрдам беришини айтди ва янги тузилмага 10 млрд доллар ажратишга тайёрлигини билдирди.

Трамп «Тинчлик кенгаши»га 10 млрд доллар ажратмоқда

19 феврал куни АҚШ пойтахтида ташкил этилган «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Тузилмага қарийб 35 давлат қўшилган. Танқидчилар уни Трампнинг имиж лойиҳаси деб баҳоламоқда, аммо президент «Кенгаш БМТ фаолиятини назорат қилади ва унинг самарадорлигини оширади», дея таъкидлади.

Трамп БМТни кучайтириш зарурлигини қайд этар экан, «ташкилотни қадрсизлантирмаслик керак, унда катта салоҳият бор» деди. Шу билан бирга, Вашингтон янги тузилмага 10 млрд доллар ажратишга тайёрлигини билдирди. Президент бу миқдорни «уруш харажатлари билан таққослаганда жуда кичик» деб атади.

Яқин Шарқ ва шериклар

Трампнинг таъкидлашича, Қозоғистон, Озарбойжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Кувайт Ғазо секторига ёрдам учун 7 млрддан ортиқ маблағ ажратган. Индонезия, Марокаш, Албания, Косово ва Қозоғистон эса минтақада барқарорликни таъминлаш учун ҳарбий ва полиция кучларини йўлламоқчи.

Президент Эрон билан ядровий масаладаги мулоқотни ҳам тилга олди. У махсус вакил Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер фаолиятини юқори баҳолаб, «Эронда ядровий қурол бўлмаслиги керак» деди ва вазият 10 кун ичида ойдинлашишига умид билдирди.

Сиёсий сигнал

Трамп айрим хорижий етакчиларни ҳокимиятга келишида қўллаб-қувватлаганини эслаб ўтди. Улар орасида Япония бош вазири Санаэ Такаичи ва Аргентина президенти Хавиэр Милей бор.

Шунингдек, Венгрия бош вазири Виктор Орбанни парламент сайловлари олдидан қўллаб-қувватлашини билдирди. Таҳлилчилар фикрича, «Тинчлик кенгаши» орқали Трамп халқаро сиёсатда янги платформа яратишга ҳаракат қилмоқда ва бу БМТ ролини қайта баҳолашга олиб келиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid