Трампдан Канадага 100 фоизлик бож таҳдиди: Хитой билан ҳамкорлик учун
АҚШ президенти Доналд Трамп Канаданинг Хитой билан савдо келишуви Вашингтон учун хавфли эканини айтди ва жавоб сифатида кескин иқтисодий чоралар билан таҳдид қилди.

«Агар Канада Хитой билан битим имзоласа, АҚШга кириб келаётган Канаданинг барча товарлари ва маҳсулотларига зудлик билан 100 фоизлик божхона тарифи жорий этилади», — жеб ёзди у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Трампнинг сўзларига кўра, бундай келишув Канада иқтисодиётини Хитой таъсирига тўлиқ очиб беради. У Канада Хитой томонидан «тириклайин ютиб юборилиши», натижада бизнес, ижтимоий тизим ва турмуш тарзи вайрон бўлишини даъво қилди. Бу баёнот Пекин ва Оттава ўртасида савдо тўсиқларини камайтириш бўйича келишувга эришилганидан сўнг янгради.
АҚШ раҳбари бу орқали Канада орқали Хитой товарларининг Америка бозорига кириб келиш хавфи борлигини таъкидлади. У Канада ҳукумати бу йўл билан АҚШ божларини четлаб ўтишга уриниши мумкинлигини кескин танқид қилди.
Сиёсий ва иқтисодий фон
Канаданинг амалдаги бош вазири Марк Карни яқинда Хитойга қилган ташрифи чоғида Хитойни ишончли ва барқарор иқтисодий ҳамкор сифатида таърифлаган эди. Шунингдек, у Давосдаги иқтисодий форумда Европа давлатларини Хитой сармояларини жалб қилишга чақирган.
Трамп эса буни АҚШ манфаатларига таҳдид сифатида баҳолади. У Канадани АҚШга қарам «51-штат» сифатида ишора қилган ҳолда, Пекин Канада орқали Америкага товар киритишга йўл очмоқчи, деган фикрни илгари сурди.
Ҳозирги пайтда АҚШ билан Канада ўртасидаги USMCA савдо келишуви доирасида айрим товарлар истисно қилинган. Шу билан бирга, келишувга кирмаган маҳсулотлар учун 35 фоизлик бож сақланиб қолган, пўлат ва алюминий каби соҳаларда эса алоҳида тарифлар амал қилади.
Савдо уруши эҳтимоли
Мутахассислар бу баёнот АҚШ–Канада муносабатларида янги кескинликни юзага келтириши мумкинлигини таъкидламоқда. Айниқса, Хитой билан яқинлашув Вашингтоннинг савдо сиёсатига қарши чиқиш сифатида қабул қилиниши эҳтимоли юқори.





