Туман ва шаҳарлар бошқарув органлари учун янги бинолар қурилади
Ҳукумат маҳаллий бошқарув органларини бир жойга жамлаб, уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида бизнес лойиҳалар амалга оширилишини белгилади. Бу бошқарув самарадорлигини ошириш ва ҳудудларни иқтисодий фаол қилишга қаратилган.

Ўзбекистон ҳукумати 2025 йил 22 октябрда 668-сонли қарорни қабул қилди. Ҳужжат «Жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда маҳаллий бошқарув органларини оптимал жойлаштириш орқали уларнинг бино ва иншоотлари ўрнида бизнес лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланади.
Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ–132-сонли қарорига мувофиқ равишда қабул қилинган бўлиб, у жадал комплекс ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилади. Унга кўра, 2025–2026 йиллардаги туман ва шаҳарларнинг ривожлантириш дастурлари ҳамда маҳаллий бошқарув органлари бир жойда жойлаштириладиган рўйхат тасдиқланди.
Янги маъмурий бинолар фойдаланишга қабул қилингач, уларнинг биринчи ва иккинчи қаватлари савдо ҳамда сервис фаолияти учун ажратилади. Бу бинолар «E-auksion» электрон савдо платформасида онлайн аукцион орқали ижарага берилади. Шу орқали маҳаллий бюджет даромадлари оширилиши ва тадбиркорлик фаолиятига қулай муҳит яратилиши кутилмоқда.
Қарорга кўра, янги маъмурий биноларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари орқали амалга оширилади. Улар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида фаолият юритади.
Бош лойиҳа ва пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда танлов асосида аниқланади. Барча қурилиш ва лойиҳалаш ишларини 2026 йил 1 декабрга қадар якунлаш режалаштирилган. Бу чора маҳаллий бошқарув тизимини замонавий инфратузилма билан таъминлаб, ҳудудларда давлат бошқаруви ва тадбиркорлик фаолиятини уйғунлаштиришга хизмат қилади.





