Logo

Туркия банкларига таклиф этилган хусусийлаштириш, банклардаги электрон нақд пул майдони ва фонограммани яширган 27 та концерт — 19 ноябр дайжести

Kecha 23:305 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Туркия банкларига таклиф этилган хусусийлаштириш, банклардаги электрон нақд пул майдони ва фонограммани яширган 27 та концерт — 19 ноябр дайжести

Муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун тақдимномани энди онлайн расмийлаштириш мумкин

Ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилгани, шунингдек, ходимлар сони ёки штати қисқаргани сабабли ишдан бўшатилган фуқаролар учун муддатидан олдин пенсияга чиқиш тақдимномасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн расмийлаштириш хизмати йўлга қўйилди. Мутлақо бепул бўлган мазкур имкониятдан 58 ёшдан 60 ёшгача ва камида 25 йиллик меҳнат стажига эга эркаклар ҳамда 53 ёшдан 55 ёшгача ва камида 20 йиллик меҳнат стажига эга аёллар фойдаланиши мумкин. Ариза юбориш учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси, меҳнат стажи маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилмаган ҳолларда эса меҳнат дафтарчаси нусхаси ҳам талаб этилади.

Портал орқали юборилган ариза 2 иш куни ичида кўриб чиқилади, шундан сўнг иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаро мақбул иш таклифини олиш учун 10 кун ичида бандлик бўлимига бориши лозим. Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 3 ой ичида фуқарога мақбул иш топиб берилмаса, у белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилади. Шундан кейин тақдимнома расмийлаштирилиб, пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборилади.

Туркия банклари Ўзбекистондаги банкларни хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида Туркия молия институтларини Ўзбекистон банк секторидаги ислоҳотлар ва хусусийлаштириш жараёнларида фаол қатнашишга таклиф қилди. Йиғилишда мамлакатда 33 йилдан буён фаолият юритаётган «Ziraat Bank»нинг иши ижобий баҳоланиб, рақамли технологиялар ва молиявий хизматлар икки томонлама шерикликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистонда АТ хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани таъкидланиб, «IT Park» резидентлари учун берилган солиқ ва божхона имтиёзлари асосида турк компаниялари билан аутсорсинг, дастурий таъминот ҳамда сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари инвестиция муҳитини яхшилаш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилишини билдирди. Хусусан, махсус иқтисодий зоналарда инвестиция ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари, йирик инвесторларга эса тайёр ишлаб чиқариш бинолари ва инфратузилма тақдим этилаётгани урғуланди. Тошкент вилоятидаги 100 гектарлик «Остим» саноат зонаси ижобий тажриба сифатида келтирилиб, уни бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистонда банкнот ва тангаларга қўйиладиган талаблар ҳамда нақд пул муомаласи кафолатлари белгиланди

Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 17 ноябрда рўйхатдан ўтказилган янги йўриқномага кўра, Ўзбекистонда муомалага чиқариладиган барча банкнот ва тангалардаги ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши шарт ҳамда янги пул белгилари муомалага киритилишидан камида бир ҳафта олдин аҳолига хабар берилади. Ҳужжатда пул белгиларининг номинал қиймати, Марказий банк номи, тасдиқланган йили, давлат рамзлари (герб ёки байроқ), замонавий ҳимоя элементлари ҳамда банкнотларда серия, рақам ва қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ёзувларнинг мажбурийлиги белгиланди. Шунингдек, пуллар инсон саломатлиги учун хавфсиз хомашёлардан тайёрланиб, уларнинг дизайнида миллий тарих, маданият ва мамлакат ютуқлари акс эттирилади.

Йўриқнома билан аҳоли ва тадбиркорларнинг ўз ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида биринчи талаб бўйича узлуксиз нақд пул олиш ҳуқуқи кафолатланди, банкларга эса муомаладаги нақд пулларни номинал қиймати бўйича монеликсиз қабул қилиш мажбурияти юклатилди. Бундан ташқари, банклар банкоматлардаги нақд пул айланмаси ва мижозлар эҳтиёжини мунтазам таҳлил қилиб, етишмовчилик кутилганда қўшимча маблағ жалб этиш чораларини кўриши лозим. Шу билан бирга, Марказий банк ва тижорат банклари талабга кўра бир номиналдаги пул белгиларини бошқа номиналдагисига ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақисиз бепул айирбошлаб бериши белгилаб қўйилди.

27 та концерт рекламасида ижро шакли кўрсатилмагани учун реклама берувчилар огоҳлантирилди

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар ва ташқи реклама объектларида жойлаштирилган 27 та концерт рекламасида фонограмма ёки жонли ижро ҳақида маълумот берилмаганини аниқлади. Хусусан, Лолита, Ани Лорак, Маёт, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ғаниева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Instagram’даги эълонларида, шунингдек, Тохи$, «Машина времени» ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ижро шакли кўрсатилмаган. Шу муносабат билан қўмита тегишли реклама берувчиларга эълонларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш юзасидан огоҳлантиришлар юборди.

Қўмита амалдаги қонунчилик, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, концерт рекламаларида «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши мажбурий эканини эслатиб ўтди. «Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра, ташқи рекламада бундай ахборот умумий майдоннинг камида 10 фоизини эгаллаши, ташкилотчилар эса томоша бошланишидан олдин бу ҳақда аудиохабар берилишини таъминлаши шарт. Мониторинг давомида мазкур талаблар бузилиши аниқланган ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилиши маълум қилинди.

Ўзбекистондаги банклар ўртасида нақд пул тақсимоти электрон тизимга ўтказилади

Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 17 ноябрда 3977-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган йўриқномага кўра, Ўзбекистонда банклар ўртасида нақд пул тақсимоти «Нақд пулларнинг электрон майдони» дастурий мажмуаси орқали электрон шаклга ўтказилади. Янги тартибга мувофиқ, ортиқча нақд пулга эга банклар маблағларини бошқа банкларга таклиф қилиши, пулга эҳтиёжи бор банклар эса электрон талабнома юбориши мумкин бўлади. Маблағлар банклар ўртасида инкассация хизмати орқали етказиб берилади.

Мазкур ҳужжат банкларни нақд пул билан таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига нақд пул бериш ҳамда банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш тартибини ҳам белгилайди. Шунингдек, эндиликда банклар ҳар ойда нақд пул кирими ва чиқими бўйича прогноз тайёрлаб, уни тегишли ой бошланишидан камида 3 банк иш куни олдин электрон шаклда тақдим этиши шарт. Бу тизимда нақд пулга бўлган эҳтиёжни олдиндан аниқлаш ва маблағларни тақсимлаш жараёнини режалаштиришга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid