Logo

27 та концерт рекламасида ижро шакли кўрсатилмагани учун реклама берувчилар огоҳлантирилди

Қоидабузарлик қайд этилган рекламалар орасида Лолита, Ани Лорак, Маёт, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ганиева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Инстаграм'даги эълонлари ҳам бор.

27 та концерт рекламасида ижро шакли кўрсатилмагани учун реклама берувчилар огоҳлантирилди © vaqt.uz

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар ва ташқи реклама обектларида жойлаштирилган 27 та концерт рекламасида фонограмма ёки жонли ижро ҳақида маълумот берилмаганини аниқлади.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Лолита, Ани Лорак, Маёт, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ганиева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Инстаграм'даги рекламаларида ижро шакли кўрсатилмагани қайд этилган.

Шунингдек, Тохи$, «Машина времени» ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам бундай маълумотлар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси тегишли реклама берувчиларга рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш юзасидан огоҳлантиришлар юборган.

Концерт рекламасида ижро шаклини кўрсатиш тартиби

Қўмита амалдаги қонунчиликда белгиланган талабларни эслатиб ўтди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 8-апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, концерт рекламасида «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали консерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши лозим.

Бундан ташқари, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддасига кўра, фонограмма ишлатилганда рекламада ундан фойдаланиш даражаси кўрсатилиши керак. Ташқи рекламада ушбу ахборот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим. Шу билан бирга, ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин бу ҳақда аудиохабар берилишини таъминлаши шарт.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ эса консерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш ҳақида ахборот кўрсатилиши мажбурий ҳисобланади.

Рақобат қўмитаси концерт ташкилотчилари ва реклама берувчиларни консерт рекламаларида ижро шаклини аниқ кўрсатишга ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақирди.

Мониторинг давомида ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ реклама қонунчилигини бузган 12 блогер жазолангани хабар қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид