Logo

Муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун тақдимномани энди онлайн расмийлаштириш мумкин

Мазкур онлайн хизматдан фойдаланиш бепул.

Муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун тақдимномани энди онлайн расмийлаштириш мумкин © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилгани, шунингдек, ходимлар сони ёки штати қисқаргани сабабли ишдан бўшатилган фуқаролар учун муддатидан олдин пенсияга чиқиш тақдимномасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн расмийлаштириш хизмати йўлга қўйилди. Бу ҳақда порталнинг Telegram каналида маълум қилинди.

Маълумотга кўра, мазкур онлайн хизматдан фойдаланиш мутлақо бепул бўлиб, фуқаролар идорама-идора юрмасдан, аризани уйдан чиқмай туриб порталнинг тегишли саҳифаси орқали юборишлари мумкин.

Мазкур имкониятдан қуйидаги тоифадаги фуқаролар фойдаланиши белгиланган:

• Эркаклар — 58 ёшдан 60 ёшгача ва камида 25 йиллик меҳнат стажига эга бўлганда;
• Аёллар — 53 ёшдан 55 ёшгача ва камида 20 йиллик меҳнат стажига эга бўлганда.

Хизматдан фойдаланиш учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси талаб этилади. Агар фуқаронинг меҳнат стажи маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилмаган бўлса, меҳнат дафтарчаси нусхасини ҳам тақдим этиш зарур.

Портал орқали юборилган ариза 2 иш куни ичида кўриб чиқилади. Шундан сўнг иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаро мақбул иш таклифини олиш учун 10 кун ичида бандлик бўлимига бориши лозим.

Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 3 ой ичида фуқарога мақбул иш топиб берилмаса, у белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилади. Шундан кейин тақдимнома расмийлаштирилиб, пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборилади.

Теглар

Мавзуга оид