Logo

Туркияда Марказий банк раҳбари фонд бозоридаги можаро фонида истеъфога чиқмоқчи

Bugun 15:492 daqiqa

Можаро сентябр ойининг ўртасида бошланган. Ўшанда бир нечта йирик инвестиция фондлари ўз маблағларини қайтариб олмоқчи бўлган мижозлар билан ҳисоб-китоб қила олмаган.

Туркияда Марказий банк раҳбари фонд бозоридаги можаро фонида истеъфога чиқмоқчи © TASS

Туркиянинг Банк фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш агентлиги (BDDK) раҳбари Шаҳап Кавжиоғлу мамлакат президенти Ражап Тоййиб Эрдўғандан унинг истеъфосини қабул қилишни сўради. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Ўша куни «Takasbank» ҳисоб-китоб банкининг собиқ раҳбари Юнус Аринжи, «Adil Katılım» рақамли ислом банки асосчиларидан бири Али Пашли ва «OMG Capital Advisors» консалтинг компанияси раҳбари Ўмер Мурат Гулкан ҳам ҳибсга олинди.

Истеъфо ва ҳибсга олишлар Туркия фонд бозоридаги нархларни сунъий равишда ошириш билан боғлиқ тергов доирасида амалга оширилмоқда.

Можаро сентябр ойининг ўртасида бошланган. Ўшанда бир нечта йирик инвестиция фондлари ўз маблағларини қайтариб олмоқчи бўлган мижозлар билан ҳисоб-китоб қила олмаган.

Прокуратура маълумотларига кўра, ушбу фондлар кам танилган компанияларнинг акцияларини сотиб олиб, уларнинг бозор қийматини сунъий равишда бир неча баравар оширган.

Шундан сўнг регулятор жами 20 млрд долларга яқин активга эга бўлган 131 та фондни тугатиш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳолат қарийб ярим миллион инвесторга зарар етказган.

Кавжиоғлунинг ўзига нисбатан ҳеч қандай айблов илгари сурилмаган. Унинг истеъфоси қабул қилинган-қилинмагани ҳозирча маълум эмас. BDDK вакиллари эса бу масала бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

Истеъфо ҳақидаги мурожаатидан бироз олдин Кавжиоғлу маҳаллий ОАВга берган интервюсида BDDKнинг инвестиция фондлари билан боғлиқ вазиятга мутлақо алоқаси йўқлигини айтган эди.

Ўтган дам олиш кунлари NTV телеканали унинг ўринбосари Муҳаммет Эришен ҳам қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Туркия адлия вазири Акин Гюрлек тергов давомида уюшган жиноий тармоқ аниқланганини маълум қилди. Унинг айтишича, ушбу тармоқнинг алоқалари мамлакат молия тизимидаги юқори лавозимли шахсларгача етиб борган.

Вазир маълумотларига кўра, 3-ноябр ҳолатида иш бўйича 433 нафар гумонланувчи аниқланган, улардан 112 нафари ҳибсда сақланган.

Қўлга олинганлар орасида ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси раисининг ўринбосари, фонд биржаси раҳбари ҳамда Капитал бозорлар кенгаши раисининг собиқ ўринбосари Энвер Уска ҳам бор. У пора олишда гумонланмоқда.

Октябр ойининг охирида худди шу тергов доирасида Эрдўғаннинг сиёсий масалалар бўйича собиқ бош маслаҳатчиси Эртан Айдин ҳам қўлга олинган эди.

Сиёсатшунос Керим Хас «The Insider» нашрига берган интервюсида Айдин 2023-йилда Эрдўғаннинг сайловолди кампаниясига раҳбарлик қилганини эслатган. Шунингдек, у 2010-йилларда Эрдўғанни қўллаб-қувватловчи интернет-троллар тармоғини бошқарган асосий шахслардан бири бўлганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент маҳаллий банк инқирозидан кейин истеъфога чиққани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid